Россия президенти Владимир Путин 28 августда Венгрия пойтахти Будапештга ташриф буюради ва дзюдо бўйича 31-жаҳон чемпионати очилиш маросимида иштирок этади. Путинни Венгрияга ушбу мамлакат бош вазири Виктор Орбан таклиф қилган. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, Путин жаҳон чемпионати очилиш маросимида халқаро дзюдо федерациясининг фахрий президенти сифатида иштирок этади. Жаҳон чемпионати Будапештдаги Ласло Паппа номидаги аренада 28 августдан 3 сентябргача бўлиб ўтади.

Мусобақада 130 дан кўпроқ давлатдан 800 га яқин спортчи иштирок этади.

Ташриф давомида Путиннинг Орбан билан музокаралар ўтказиши ҳам режалаштирилган.

Бу Путиннинг Венгрияга жорий йилдаги иккинчи ташрифи бўлади. У февраль ойи бошида ҳам Венгрияга сафар уюштириб, бош вазир Орбан билан музокаралар ўтказган.

Путин 11 ёшидан дзюдо ва самбо билан жиддий шуғуллана бошлаган. Бир-бирига яқин бўлган бу спорт турлари бўйича спорт устаси унвонига эга. 2012 йилда унга дзюдо бўйича саккизинчи дан берилган.