24 август куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда қўмита вакиллари истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама бозорини тартибга солиш ва аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди. 

Тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири Тошкент шаҳрида жойлашган Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида спиртли ичимликлар билан савдо қилаётган умумий овқатланиш шохобчаси мавжудлиги, ҳаттоки ичимлик сурати туширилган реклама-баннери йўлакка олиб чиқиб қўйилгани, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 178.1-моддаси бузилганини айтиб ўтди. Бу ҳолатга Рақобат қўмитаси қандай қарайди?

"Бу ҳолатни ўрганиш учун зудлик билан бугуннинг ўзида юқорида қайд этилган жойга чиқамиз. Оилавий, ёш болалар сайр қилиши учун мўлжалланган ҳар қандай истироҳат боғларида спиртли ичимликларни сотиш қатъиян тақиқланади. Нафақат боғнинг ичида, балки унинг атрофида 500 метргача бўлган масофада ҳам спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланиш ман этилган", - дея таъкидлади Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини назорат қилиш бошқармаси ходими Деҳруз Юнусов.

Шунингдек, бошқарма вакили бугунги кунда боғлар ташқарисида 500 метргача бўлган масофагача спиртли ичимликларни сотиш тақиқлангани қониқарли эмаслиги, тез кунларда бу масофа янада кенгайтирилиши ҳамда қонунга қарши иш қилаётган сотувчиларга қатъий жазо чоралари қўлланилишини маълум қилди.