Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн биринчи ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти таъсис этилди, унинг фаолиятининг ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилди. 

Тадбиркорликни, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатининг амалга оширилишида иштирок этиш, уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қабул қилинган ҳужжатларнинг тадбиркорлик соҳасига таъсирини баҳолаш, қабул қилинган ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти ривожига таъсири самарадорлигини баҳолаш, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлаш Вакилнинг асосий вазифалари этиб белгиланган. 

Қонун Вакилга соҳада назоратни амалга ошириш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига шубҳасиз риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга ошириш бўйича кенг ваколатлар беради. Хусусан, у давлат органларининг (ташкилотларининг) қарорлари, улар мансабдор шахсларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини бузувчи ҳаракатлари устидан шикоятларни кўриб чиқади, уларнинг фаолиятини текшириш қонунийлиги устидан мониторинг ўтказади, аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилади, давлат органларининг мажлисларида иштирок этади, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади. 

Шу билан бирга, қонунда Вакил томонидан кўриб чиқилмайдиган масалалар ҳам белгиланган. Тадбиркорлар ўртасидаги иқтисодий низолар, оилавий, меҳнат ва тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаган бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, шунингдек, суднинг, тезкор-қидирув фаолиятини, терговни, суриштирувни ва жазо ижросини амалга оширувчи органларнинг ваколат доирасига кирадиган масалалар шулар жумласидан. 

Тадбиркорлар манфаатларига дахл қиладиган энг муҳим, долзарб масалаларни ҳал қилишда Вакилнинг мустақиллигини таъминлаш мақсадида Вакил қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод эталади. У Президентнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас. 

Вакил институти қонунга мувофиқ нафақат мамлакатимиз тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини, балки Ўзбекистон Республикасида ўз бизнесини юритаётган хорижий компаниялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлаши лозим. Сенаторларнинг фикрича, бу Ўзбекистоннинг инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини оширишга, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Сенаторлар тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, суддан фарқли ўлароқ, янги институтнинг жорий этилиши мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини ҳал этишда тадбиркорлар ролини оширишда ўта муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.