Халқаро Вивек Ананд фонди - Ҳиндистондаги етакчи тадқиқот марказларидан бири. Фонд тузилмасида ташқи сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, цивилизацион тараққиёт тадқиқот марказлари фаолият юритади. Шу фонд ходими Сканд Ранжан Таял куни кеча Ўзбекистон Президентининг радикаллашув мониторинги бўйича «Йўл харитаси» ҳақидаги мақоласини тақдим этди.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ аҳолисининг катта қисми ислом динига эътиқод қилувчи Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари жамиятда радикаллашув жараёнларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Тараққиёт ва ривожланиш тарафдори бўлган Ўзбекистоннинг дунёвий мамлакат мақомини сақлаб қолиши - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан асосий вазифа этиб белгиланди. Унинг адолатли ва рақобатбардош кечган сайловларда 88 фоиздан зиёд сайловчи томонидан қўллаб-қувватланган ғалабаси Ўзбекистон Республикасининг куч-қудрати ва етуклигини намойиш этди. Ислом Каримовнинг 26 йиллик бошқарувидан кейин сиёсий ҳукуматнинг топширилиши мамлакат Конституциясига мувофиқ, тинчлик ва барқарорлик шароитларида амалга оширилди.

Лавозимга киришган кундан бошлаб саккиз ой ичида Президент Мирзиёев коллегиал бошқарув услубини қўллади. Президент энг аввало яқин қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун аниқ қарорлар қабул қилди.

Президент Мирзиёев ўзбек жамияти, айниқса ёшлари орасида радикаллашувнинг тарқалиши мониторинги ва бунинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2017 йилнинг 15 июнида Тошкентда ўтган анжуманда янграган «Ватан келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъий ҳаракат қилиш - замон талаби» маърузасида Президент бу муҳим масалада давлат сиёсатини амалга оширишда «Йўл харитаси»ни  белгилаб берди.

Ўзбекистонда 2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилингани диққатга сазовордир. Президент Мирзиёев ўз чиқишида ўзбек халқининг бағрикенглиги ва саховатли эканини қайд этган ҳолда, Ўзбекистонинг Конституция ҳамда қонунлари миллати ва динидан қатъи назар, барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқ ва эркинлик билан таъминлашини таъкидлади.

Президент Мирзиёев мустақиллик қўлга киритилгандан сўнг Ўзбекистондаги масжидлар сони 80 тадан (совет даврида) 2042 тага (бугунги кунда) ошганини таъкидлаб, мамлакатда қабул қилинган виждон эркинлиги кафолатини таъминлашга доир чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Давлат раҳбари Саудия Арабистонида бўлиб ўтган АҚШ ва Араб мамлакатлари саммитидаги иштирокини ёдга олиб, экстремизмни таг-туби билан йўқ қилиш тарафдорлари бўлган халқларнинг бирлашиши зарурлигини айтди. Президент халқаро терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва диний масалалардаги зиддиятларнинг кучайишидан бутун инсоният хавотирда эканини таъкидлади ва "турли мамлакатлардаги террорчилик ҳужумларини амалга оширганлар орасида миллатимиз вакилларининг борлиги халқимизда таассуф уйғотишини" билдирди.

Президент Мирзиёев ёшларни турли диний экстремик оқимлар таъсиридан ҳимоялаш асосий вазифа ҳисобланишини таъкидлади. Ш.Мирзиёев ҳақиқий исломга ёт бўлган ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлувчи асосий сабабларни таҳлил қилди, давлат, жамият, диний уламолар томонидан амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирларни белгилаб, бу ишдаги асосий йўналишларни кўрсатиб берди:

1. Радикаллашув сабабларини ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил қилиш, ёшларнинг радикал диний ташкилотлар сафига қўшилишининг олдини олувчи профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

2. Диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, имом-хатиблар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли ходимлари учун малака ошириш ўқувларини ташкил этиш керак. Бу ўқувларда уларни диний экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг иш усули, ғаразли ғоя ва мақсадлари билан таништириб бориш.

3. Маҳаллий ҳукумат органлари ва ижтимоий ташкилотларнинг ёлғон ваъдалар ва ғоялар кетидан эргашган фуқароларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиши.

4. Имом-хатиблар кенг жамоатчилик орасида ислом дини ҳар қандай зўравонликка, бузғунчиликка, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишга мутлақо қарши эканини оят ва ҳадислар асосида, жонли мисоллар ёрдамида таъсирчан етказиб беришлари.

5. Радикализмга қарши ўлароқ таълим ва тарбия тизими муҳим. Оила, қўшниларнинг огоҳ бўлиши ва ёшлар орасида радикаллашувнинг эрта белгиларини аниқлашда фаол иштирок этиши.

6. Президент Мирзиёев радикаллашув олиб келувчи жиддий хавфни бартараф этишда ҳамкорликка чорламоқда.

Ушбу муҳим нутқнинг мазмун ва моҳиятини мусулмон аҳолиси кўпчиликни ташкил қилувчи барча мамлакатлар раҳбарлари ўрганиб чиқишлари мақсадга мувофиқдир. Давлат ва жамият диний эркинликни тўлиқ кафолатлаб, диний ташкилотларнинг омма орасида бузғунчилик ва зўравонлик  ғояларини тарқатмаслиги назорат қилишлари шарт.

Президент Шавкат Мирзиёев мураккаб бир даврда инсоният олдида турган радикаллашув муаммоларини ечишда катта ҳисса қўшгани учун ҳурматга лойиқдир.

Сканд Ранжан Таял

1976 йил - Ҳиндистон ТИВга ишга кирган. Ҳиндистоннинг София, Варшава, Женева ва Москвадаги миссияларида хизмат қилган;

1996-1998 - Ҳиндистоннинг Йоханнесбургдаги бош консули;

2002-2005 - Ҳиндистоннинг Хьюстондаги бош консули;

2005-2008 - Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси;

2008-2011 - Ҳиндистоннинг Корея Республикасидаги элчиси;

Ҳозирда у Деҳли Университети профессори.