Олий Мажлис Сенатининг 11-ялпи мажлиси иккинчи иш кунида сенаторлар Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш, Сенат аъзоларининг одоби қоидаларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раисини сайлаш тўғрисидаги ҳамда Сенат ваколатига кирадиган бошқа масалаларни кўриб чиқди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Сенат аъзоларининг одоби қоидаларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинди.

Унга кўра, эндиликда жойларга чиқиб, аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар жараёнида расмиятчилик ва кўзбўямачилик, сохта ҳисоботлар бериш, ўрганилаётган масаланинг туб илдизига етиб бормаслик каби камчиликларга йўл қўйган сенаторларга нисбатан тегишли таъсир чоралари белгиланди. Сенаторларнинг интернетдаги расмий саҳифаларида фуқаролар билан мулоқот қилиш жараёнидаги одоб-ахлоқ қоидалари янада аниқлаштирилди.

Сенаторлар тасдиғи билан Алишер Аъзамхўжаев Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Муҳаммад Жумагалдиев Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раислигига сайланди.