САВОЛ: Мен вилоят «Сувоқава» давлат унитар корхонаси туман филиалида ҳуқуқшунос бўлиб ишлайман. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг учинчи хатбошисида «юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундириладиган сумманинг 5 фоизи, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланади», деб белгиланган. Ҳозирги кунда мен томонимдан ичимлик суви истеъмолчиларидан мавжуд қарздорликларни ундириш учун тегишли судга даъво аризалари киритилиб, қаноатлантирилди ва суд буйруқларига асосан маблағлар филиал ҳисоб рақамига келиб тушмоқда. Мазкур пул маблағларидан менга бериладиган рағбатлантириш қандай тартибда амалга оширилади?

Б.Яндашев, Нурота шаҳри.

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган «Судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундириладиган маблағлар ҳисобидан юридик хизмат ходимларини мукофотлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан амалга оширилади. 

Мукофот пули давлат органлари ва ташкилотлари фойдасига ҳал қилинган низолар бўйича давлат органи ва ташкилотининг ҳисоб рақамларига ёки шахсий ғазначилик ҳисоб варақаларига тушган умумий маблағлардан ҳисоблаб чиқарилади. 

Мазкур Низомнинг 7- ва 8-бандларига асосан мукофот пулини тўлаш ҳақида буйруқ (фармойиш) чиқарилишига юридик хизмат раҳбарининг билдиргиси асос бўлади. Штат бирлигида битта юридик хизмат ходими назарда тутилган ҳолларда мукофот пулини тўлаш ҳақида буйруқ (фармойиш) чиқарилишига ушбу ходимнинг билдиргиси ва унга илова қилинган давлат органи ва ташкилоти фойдасига ундирилган маблағни тасдиқловчи ҳужжатлар асос бўлади.

Юридик хизмат ходими томонидан ҳал этилган низолар бўйича маблағлар давлат органлари ва ташкилотлари ҳисоб рақамларига ёки шахсий ғазначилик ҳисоб рақамларига тушганлиги давлат органлари ва ташкилотлари бухгалтерияси ва/ёки маблағларнинг тушишини ҳисобга олиш вазифаси юкланган таркибий бўлинмалар (ходим) томонидан берилган маълумотнома асосида тасдиқланади. Бунда маълумотнома юридик хизмат раҳбарининг ёзма сўровига мувофиқ уч иш куни ичида берилади. 

Саволларга Навоий вилоят адлия бошқармаси Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш шўъбаси етакчи маслаҳатчиси З.Жўраева ҳамда Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бўлими бошлиғи М.Турдиева жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.