2017 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Cенаторлар “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қонун Тошкент шаҳрининг туманларида халқ депутатлари Кенгашларини тузиш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб беради. Бу эса ҳокимиятнинг маҳаллий органлари бюджет ваколатлари амалга оширилиши устидан назоратни ўрнатишга, уларнинг мамлакат пойтахти туманларини ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг муҳим масалаларини ҳал қилишдаги ўрнини мустаҳкамлашга, ислоҳотларни рўёбга чиқаришдаги роли ва аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади. 

Ушбу масала муҳокамаси чоғида таъкидланганидек, амалдаги қонун ҳужжатларида (Конституциянинг 99-моддаси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасида) Тошкент шаҳрида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини тузиш назарда тутилмаган. Шу билан бирга, амалдаги қонун ҳужжатларининг бу қоидаси пойтахт туманларига (уларнинг сони Тошкентда 11 та) маҳаллий бюджетлар лойиҳалари, уларнинг ижроси муҳокамасини ўтказишга йўл қўймайди, чунки, масалан, бюджет кодексига мувофиқ, туманлар (шаҳарлар) бюджетларининг кўриб чиқилиши ва қабул қилиниши, шунингдек, уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларнинг эшитилиши халқ депутатлари Кенгашлари ваколатларига киради. 

Шу муносабат билан қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов 2017 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши орқали уларни тузишни назарда тутувчи бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда. 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун туман сайлов комиссиялари тузилиши тавсия этилмоқда. 

Бундан ташқари, қонунда шаҳарларда туманлар ҳокимлари лавозимларига тасдиқлаш, шунингдек, янги Кенгашлар тузилиши муносабати билан халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан уларнинг ҳисоботларини эшитиш тартиби белгилаб берилмоқда. 

Сенаторларнинг фикрича, таклиф этилаётган ўзгартишлар Тошкент шаҳрида социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни рўёбга чиқаришда ҳокимият вакиллик органларининг, пойтахт жамоатчилигининг ролини кучайтиришга, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, туманлар ҳудудини ривожлантиришнинг истиқболли дастурларини амалга ошириш, қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш устидан халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан назорат қилиш механизмини ўрнатишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.