Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббий маркази ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг сил касаллиги бўйича мутахассислар гуруҳи Тожикистонга етиб борди. Ўзбекистон ва Тожикистон фтизиатр-мутахассисларининг учрашуви биринчи марта Америка халқаро ривожланиш агентлиги (USAID)нинг қўллаб-қувватлаши остида кечди. News.tj шу ҳақида хабар берди. 

Ўзбекистонлик шифокорлар Тожикистондаги Сил, пульмонология ва торакал жарроҳлик миллий марказининг Илғор тажриба марказида бўлишди. Шунингдек мутахассисларимиз қўшни мамлакатдаги бошқа тиббий ўқув ва сил касаллигини даволашга йўналтирилган муассасаларга боришди ҳамда у ерда тожикистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашишди. 

Фото: news.tj

Хусусан, ўзбекистонлик мутахассислар тиббий таълимдаги энг янги ёндашувлар билан танишишди ва сил соҳасидаги таълим интеграцияларини тиббий таълим муассасалари ўқув дастурларига киритиш борасида маълумот алмашишди. 

Тожикистонда USAID томонидан қўллаб-қувватланувчи  Илғор тажриба маркази Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги тавсиялари асосида минглаб тиббиёт ходимлари ва талабаларни сил касаллигини аниқлаш ва уни даволашда энг янги ёндашувларни қўллашга ўргатиш мақсадида ташкил қилинган. 

У ерда қатнашаётган ўзбекистонлик шифокорлар Тошкентда USAID кўмагида ташкил этилаётган Илғор тажриба марказида мураббий ва инструктор вазифаларини бажаришади. 

USAID ташкилоти беш йиллик дастурининг асосий мақсади - Ўзбекистон ва Тожикистонда сил билан касалланганлар сонини камайтириш.