Франция 2017 йил давомида Ироқ ҳукуматига 430 млн евролик кредит ажратади. Бу ҳақда AFP ахборот агентлигига Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан атрофидаги манба маълум қилган. Ле Дриан 26 августда Бағдоддга келган. 

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Ле Дриан Бағдодга молиявий ёрдам бериш масаласини Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий билан муҳокама қилган. Ле Дриан музокаралар давомида Ал-Ободийга маблағлар жорий йил охиригича ажратилишига ваъда берган. Бу маблағлар авваламбор Ироқ ҳукумати томондан амалга оширилаётган  иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

“Франция ИШИДга қарши курашнинг бошидан бери Ироқда бўлган. У ҳозирда бошланаётган тинчликнинг қурилиши босқичида ҳам бу ерда бўлади”, деб айтган Ле Дриан учрашувда.

Ле Дриан, шунингдек Ал-Ободийга Франция президенти Эмманюэл Макроннинг унинг Парижга келиши таклифини етказиб қўйган.