Мачете билан қуролланган эркак Бельгия пойтахтида патруллик қилаётган ҳарбийларга ҳужум уюштирди, деб хабар бермоқда Бельгиянинг Le Soir нашри.

Воқеа маҳаллий вақт билан 21:15да, Тошкент вақти билан 00:15да Бельгия пойтахтининг марказидаги Эмил Жакман хиёбонида рўй берган

Баъзи бир гувоҳлар отишмалар ҳақида хабар берган. Бошқа гувоҳлар эркак киши икки нафар аскарга ҳужум қилганини айтишмоқда.

Ҳужум қилган шахс оғир жароҳатланган ва касалхонага жўнатилган. RTBF’нинг хабар беришича, гап Сомалида туғилган 30 ёшли эркак ҳақида кетмоқда. Рейтер агентлиги Бельгия прокуратурасига таяниб хабар қилишича, бу шахс илгари террорчилар билан алоқаларда бўлганлиги аниқланмаган.

Аскарлардан бирининг юзига, иккинчисининг қўлига жароҳат етказилган. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Воқеа жойи ўраб олинган ва у ерга тиббиёт ходимлари етиб келишган. Полициядагилар вазият назорат остида эканлигини айтишмоқда.