«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида Давлат божхона қўмитаси томонидан пойтахт ва Тошкент вилоятида фаолият юритаётган 60 дан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тадбиркорлар ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар билан навбатдаги очиқ мулоқот ташкил қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Б.Раимов иштирок қилиб, тадбиркорларнинг божхона соҳасида ечимини кутаётган муаммолари, қизиқтираётган саволларига атрофлича жавоблар берди.

Шунингдек, очиқ мулоқотда Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати бош бошқарма ва бошқармалари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти божхона бошқармалари, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси раҳбарлари ва мутасадди ходимлари иштирок қилди.

Фото:bojxona.uz

«Аниқ муаммо — дангал ечим» шиори остида ўтказилган очиқ мулоқот турли расмиятчиликлардан ҳоли тарзда, давомли маъруза ва ҳисоботларсиз ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ўзаро самимий ва конструктив руҳда кечган жонли мулоқотда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоблар олишди.

Хусусан, республикамизга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуна ва жиҳозларга нисбатан божхона тўловларидан имтиёзларини қўллаш тартиби, божхона соҳасида жорий қилинган электрон хизматларнинг қулайлик ва афзалликлари, юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш тартиби, божхона соҳасида қабул қилинган сўнгги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти муҳокамалар марказида бўлди.

Фото:bojxona.uz

Шунингдек, турли хорижий инвестициялар ва грантлар асосида олиб кирилаётган технологик жиҳозларнинг божхона расмийлаштируви жараёни, товарларнинг божхона қийматини аниқлаш усуллари, ташқи савдо шартномаларини Интернет орқали ҳисобга қўйиш тартиби ҳақида ҳам батафсил ахборотлар берилди.


Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Б.Раимов учрашувда кўтарилган муаммо ва масалаларни шахсан назоратига олганини билдирди ва уларни жойида зудлик билан ҳал қилиш юзасидан масъул раҳбар ва ходимларга қатъий кўрсатмалар берди.