САВОЛ: Мен бугунги кунда «Қизилқумцемент» акциядорлик жамиятининг юридик бўлимида ҳуқуқшунос бўлиб ишлайман. Мен Россия федерацияси давлати фуқаросиман, 1993 йилда Украина давлатининг Харьков юридик институтини тамомлаганман, бироқ мазкур диплом бугунги кунга қадар нострификация қилинмаган. Ушбу дипломимни нострификация қилиш юзасидан маълумот берсангиз.

А.Джуматов, Навоий шаҳри.

ЖАВОБ: Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги 1992 йил 1 январдан сўнг берилган ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган, «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида»ги Низомда белгилаб қўйилган. 

Ушбу Низомнинг 3-бандига асосан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш деганда ваколатли давлат органларининг Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучга эга эканлигига розилиги тушунилади.

Шунингдек, мазкур низомнинг 33-бандига мувофиқ диплом ва эквивалентлигини қайд этиш тўғрисидаги гувоҳнома унинг эгасига Ўзбекистон Республикасидаги таълим муассасасида навбатдаги босқичда ўқишни давом эттириш ёки касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини беради. 

Саволларга Навоий вилоят адлия бошқармаси Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш шўъбаси етакчи маслаҳатчиси З.Жўраева ҳамда Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бўлими бошлиғи М.Турдиева жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.