Ироқлик қўшинлар Найнава вилоятидаги Талл-Афар шаҳри устидан назоратни тўлиқ қўлга киритди. Бу ҳақда Sky News Arabia хабар берган.

«Талл-Афарнинг биронта ҳам тумани ироқлик кучларнинг назоратисиз қолмайди», - дея маълум қилган телеканал мухбири.

Аҳоли пункти ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари билан шиддатли кечган жанглар давомида қўлга киритилди. Шаҳарга Ироқ армияси ҳарбий хизматчилари, федерал полиция, аксилтеррорчилик бўлинмалари, шунингдек, халқ милицияси жангчилари кирган.

Телеканал маълумотига кўра, айни дамда жангарилар томонидан қолдириб кетилган портловчи қурилмаларни топиш ва уйларни миналардан тозалаш бўйича амалиёт олиб борилмоқда. Томонлар қанча йўқотишга учрагани хабар қилинмаяпти. Таъкидланишича, Ироқ армияси вакиллари яқин вақт ичида расмий баёнот билан чиқади.