«Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Филиппе Коутиньо клуб раҳбариятига Чемпионлар лигаси ўйинларида қатнашмоқчи эмаслигини маълум қилди.

BeIN Sports хабарига кўра, Коутиньонинг бу қарори у «Барселона»га кетиш аҳдида қатъий қолаётгани билан боғлиқ.

Охирги хабарларга кўра, каталонлар клуби ушбу ҳавбек учун 138 миллион евро тўлашга ва қўшимча бонуслар ваъда қилишга тайёр.

25 ёшли бу бразилиялик футболчи Испанияга кетишни истамоқда ва янги мавсумда жамоаси ўйинларида қатнашмади. Аммо жамоа бош мураббийи Юрген Клопп уни қўйиб юборишни истамаяпти ва мерсисайдликлар клуби барча таклифларни рад этиб келмоқда.