Собиқ Югославия республикаси Македонияда суд Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилган шахсни айбдор деб топди ва унга 24,600 македония динори (400 еврога яқин) жарима белгилади.

Скопйедаги Бош суд ҳукмига кўра, Македония ва Туркия фуқаролигига эга бўлган, Й.А. исмли шахс 2016 йили Фейсбукдаги ўз саҳифасида «хорижий давлатлардан бирининг раҳбари шаънига кинояли гаплар ва ҳақоратлар» жойлаштирган. Агар у жарима тўлашдан бош тортса, жазо қамоқ жазосига алмаштирилиши мумкин.

Даъвогар сифатида Туркиянинг Скопйедаги элчиси Тўлин Эрка Қара қатнашган ва ҳақорат туфайли нафақат Эрдўғаннинг шаънига, шунингдек Туркия давлатининг номига ҳам қора бўёқ чапланганини қайд этган.

«Биз ишонамизки, бу шахс жазога лойиқ. Бу даъво аризаси бундай ўйланмаган хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ниятида бўлган бошқаларни огоҳлантириб қўйиш мақсадида топширилди», деган Туркия дипломатик миссияси раҳбари Нова ТВ телеканалига.

Чиқарилган ҳукм бу борадаги биринчиси бўлган ва республикада жуда катта резонанс келтириб чиқарган. Адвокат Филип Медарскийнинг айтишича, Македония жиноят кодексига кўра айбланувчини унинг ҳақоратлари шахсан Эрдўғанга эмас, айнан президентлик лавозимига қаратилган бўлгандагина судлаш мумкин. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари адвокатнинг фикрини келтириб, ушбу қарор инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди меъёрларига зид эканлигини таъкидлашмоқда.

2002 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Македонияда 40 мингдан зиёд турк миллатига мансуб кишилар яшайди ва улар мамлакат жами аҳолисининг 4 фоизини ташкил этишади. Улар сон бўйича македониялик албанлардан сўнг мамлакатдаги иккинчи миллий озчилик ҳисобланишади.