2017 йилнинг 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг “Тижорат банкларига жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини сотиб олиши учун Марказий банк томонидан мадад пуллари бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори чиқди. Уни Марказий банк раиси М.Нурмуратов имзолаган. Қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 16 августда рўйхатдан ўтказилди.

Қарорга кўра, тижорат банкларига жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини сотиб олиши учун Марказий банк томонидан мадад пуллари бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари орқали нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун тижорат банклари филиалларини етарли миқдорда нақд сўм билан таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари тижорат банклари филиалларига мадад пуллари беради. Мадад пуллари Марказий банкнинг ҲББ Ҳисоб-китоб-касса маркази айланма кассасидаги нақд пуллар ҳисобидан берилади.

Ушбу мадад пуллари фақатгина тижорат банки филиалларининг валюта айирбошлаш шохобчалари орқали жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун ишлатилади, бошқа мақсадларга йўналтириш Марказий банк ҲББнинг тегишли фармойишига асосан амалга оширилади. Банк филиали раҳбари, бош бухгалтери ва касса мудири Марказий банкнинг ҲББдан чет эл валютасини сотиб олиш учун олинган мадад пулларининг бутлигини таъминлаш ҳамда мақсадли ишлатилиши бўйича масъул ҳисобланади.

Банк (банк филиали) кассаларидаги мавжуд нақд пуллар кейинги кунда кутилаётган тўловларни ҳисобга олган ҳолда, нақд чет эл валютасини харид қилиш учун етарли бўлмаган ҳолларда, нақд чет эл валютасини харид қилиш учун талаб этиладиган нақд пуллар суммасига мадад пули сўраб Марказий банкнинг ҲББларига Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ буюртма асосида мурожаат қилади. Банк (банк филиали) томонидан сўралган мадад пуллари Марказий банкнинг ҲББ фармойишига асосан ҲККМ айланма кассасидаги нақд пуллар ҳисобидан инкассация хизмати орқали берилади.