2017 йилнинг 25 август куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бошчилигидаги делегация Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган «ЭКСПО-2017» халқаро кўргазмаси доирасида Россия, Ўзбекистон, Туркманистон, Корея Республикаси ва Франция павильонларига ташриф буюрди.

Қозоғистон раҳбари Ўзбекистон павильонида республиканинг энергиянинг муқобил турларидан фойдаланиш бўйича имкониятлари орқали тақдим этилган энергетик салоҳияти билан танишди. Ўзбекистон павильонида тақдим этилган ҳар бир экспонат бўйича батафсил маълумот берилди.
 
Нурсултон Назарбоев ички ўрнатилган қуёш панелларига эга электромобилнинг концептуал модели ва қуёш ҳамда шамол қуввати ёрдамида ишловчи экозавод макети, шунингдек, махсус турбинали тегирмонларга алоҳида қизиқиш билдирди. Қозоғистон раҳбарининг таъкидлашича, ишлаб чиқилган концептлар анча истиқболли ғоялар саналади.

Назарбоев Ўзбекистонга яқин орада расмий ташриф билан боришни режалаштиргани ҳақида ҳам айтиб ўтди.