Туркия Сурия билан чегарасига бир нечта гаубица ва танк жойлаштирди. Бу ҳақда 26 августда Hurriyet Daily News нашри хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Туркия курдларнинг “Халқ мудофааси кучлари” жойлашган ҳудуд қаршисидаги ҳудудини мустаҳкамламоқда.

Белгиланган жойга техникани бир нечта юк машинаси етказган. Техникалар Килис шаҳрида пайқалган. Бунгача чегарага 5 августда ҳарбий машиналар ташланганди.

Июнь охирида Turkiye нашри Туркия қуролли кучлари Сурия шимолидаги Африн кантонида қуруқликдаги операцияга тайёргарлик кўришни якунлаганини маълум қилганди. Бу операция ўтказилиши мумкинлигини Туркиянинг собиқ мудофаа вазири, ҳозирда бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаётган Фикри Ишик ҳам айтганди. Анқаранинг фикрича, “Халқ мудофааси кучлари” “Демократик иттифоқ” каби Туркия ҳукумати кураш олиб бораётган Курдистон ишчи партиясининг Суриядаги шохобчаси ҳисобланади.