АҚШ президенти Дональд Трамп таътилда бўлганда Оқ уйни таъмирлаш ва баъзи тизимларини янгилаш бўйича катта кўламли ишлар амалга оширилди. Таъмирлаш ишларидан кейин Оқ уй бўйлаб турда қатнашган америкалик журналистларнинг маълум қилишича, президент қароргоҳида анчагина ишлар қилинган. 

Мутахассислар 17 кун ичида амалга оширишлари керак бўлган асосий вазифа анча эскириб қолган, ҳавони шамоллатиш тизимини янгилашдан иборат бўлган. Унинг янгиланиши АҚШ ғазнасига 1,9 млн долларга айланган. Бундан ташқари, марказий иситиш тизими ва вентиляция каналлари тозаланган. Кондиционерлар алмаштирилиши ҳақида Трампнинг таътилга кетишигача маълум қилинган бўлса, қолган ишлар ҳақида 25 августдагина маълум қилинган.

Business Insider нашрининг таъкидлашича, шунингдек компьютер тизимларининг баъзи элементлари такомиллаштирилган, баъзи хоналарда косметик таъмир амалга оширилган, матбуот анжуманлар ўтказиладиган залдаги чакка ўтишлар бартараф этилган.   

CNN телеканалининг маълум қилишича, Трамп таъмирлаш ишлари ва мебелларни алмаштиришда фақатгина АҚШда ишлаб чиқарилган материаллардан ва мебел жиҳозларидан фойдаланишни буюрган.

Трампнинг бевосита ишчи хонаси ҳисобланган Овал хонасида ҳам баъзи ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, бу ерда гулқоғоз алмаштирилди. Гулқоғозни ва доира шаклидаги янги гиламни Трампнинг ўзи танлаган. Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Линдси Уотерснинг айтишича, гиламни алмаштириш 1,17 млн долларга айланган.

Fox News телеканалининг маълум қилишича, Оқ уйни янгилаш аввалги президент Барак Обама вақтида режалаштирилган, бироқ эндигина амалга оширилди. Бу ишлар учун ҳаммаси бўлиб 3,4 млн доллар сарфланган ва ишлар 20 августда якунланган.