2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро бўлиб ўтган ёзги олимпиада ўйинларининг ёпилиш маросими ўтгандан кейин кечган бир йил ичида олимпиадада қатнашган спортчилардан ҳеч ким вафот этмади. Бу ҳақида журналист ва спорт статисти Ҳиллари Эванс Twitter’даги  ўзининг саҳифасида маълум қилган

«Бугунги кунга келиб биз Рио олимпиадаси иштирок этган спортчиларнинг бирортаси ўлгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Замонавий олимпиада ўйинлари бўлиб ўтганидан сўнг барча иштирокчилар эсон-омон бир йил яшаган воқеа 1896 йилги Афина олимпиадасидан сўнг рўй берган», — деб ёзган Эванс.

Ўтган йили Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган ёзги олимпия ўйинларида жами бўлиб 12.500 нафар спортчи иштирок этган. Ўйинлар 5 августдан 21 августга қадар бўлиб ўтган. Медаллар ҳисобида биринчи ўринни 121 медал (46 таси олтин) билан АҚШ эгаллаган. Ўзбекистон 4 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза — жами 13 та медал билан умумжамоа ҳисобида 21-ўринни (МДҲ давлатлари ичра 4-ўриндаги Россиядан кейинги 2-ўринни) эгаллаган эди.