Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Давлат консерваторияси моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Маданият вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва “Тошкент” Республика фонд биржаси”нинг “Тошкент” Республика фонд биржаси”га Тошкент шаҳри, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 107 манзилида жойлашган бинонинг берилиши эвазига Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 10 манзилида жойлашган бино ва иншоотларни давлатга баланс қиймати бўйича бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. 

Ўзбекистон Давлат консерваториясига Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 10 манзилида жойлашган бино ва иншоотларни бошқариш ҳуқуқи берилди. У ерда жаҳон стандартларига мос бўлган замонавий концерт зали барпо этилади. Бунда “Фонд бозорининг ахборот-ресурс маркази” ДУК томонидан эгалланган бинолар истисно саналади.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича Марказ бошқарувига Тошкент шаҳри, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 107 манзилида жойлашган бинонинг чап қисми биринчи қавати берилди.

Белгиланишича, “Тошкент” Республика фонд биржаси” АЖга берилаётган бино қисми ва давлатга берилаётган бинолар комплекси баланс қиймати ўртасидаги тафовут “Тошкент” Республика фонд биржаси” АЖга бинони капитал таъмирдан чиқариш учун тақдим этиладиган пул маблағлари ҳисобидан қопланади.