Ўтиб бораётган кунлар Хамроевлар оиласи учун бахтли онларнинг бири сифатида узоқ вақтгача эсдан чиқмаса керак. Боиси, оиланинг ўғлони Акмалжон ТДИУ талабалар сафига қабул қилинди. Меҳнат ва ўқишлари ортидан мукофотланган талабанинг ота-онасини табриклаш учун ректор Ходиев табрик хатини юбориши улар учун янада кутилмаган ҳодиса эди.

Фото: msu.uz

Ўтган давр мобайнида хурсандчилиги ичига сиғдира олмаган ота-онанинг хати таҳририятимизга келиб тушди. Унда ижодий жамоани яқинлашиб келаётган муқаддас Қурбон ҳайити ҳамда Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги билан табриклаб, қуйидаги сўзлар битилган:

“Бизнинг оиламиз, мана бир неча кундан бери қувонч уммонида сузиб юрибмиз. Чунки, ўғлим Хамроев Акмалжон Жамшид ўғли Тошкент давлат иқтисодиёт университетига, 1 август куни олий таълим муассасаларига кириш тест имтиҳонлари натижаларига кўра, 178,8 балл билан талабаликка қабул қилинди! Хурсандлигиданми, масъулиятни хис қилганиданми, ўғлим ҳам улғайиб қолгандек.

Айниқса, бугун биз, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Б.Ходиев номидан табрикнома олганимиздан кейин, жуда ҳам таъсирланиб кетдик, кўнглимиз тоғдай кўтарилди! Табрикномада, фарзандимнинг талаба бўлганлигини муборакбод этиш билан бирга, университетда ёшлар таълим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилгани, хусусан, биз, ота-оналар билан доимий ҳамкорлик ўрнатиш бўйича таклифлар ва ўғлим таҳсил оладиган гуруҳ раҳбари ҳамда факультети декани ҳақида берилган хабарлар эътиборимизни тортди ва жуда ҳам маъқул бўлди.

Эҳтимол, бу нарса бир қарашда арзимасдек туюлсада, бироқ, талаба ва унинг ота-оналари учун ҳам қувонч, ҳам масъулият белгилар экан!

Эшитишимча, бу тажриба барча олий таълим тизимига жорий этилгани жуда яхши амалиёт бўлибди.

Шунинг учун, мен ўзим ва оилам номидан, барча олий таълим тизими фидойиларига, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ва албатта, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори ва устозларига чуқур миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Ватанимиз таълим тизимида Президент олиб бораётган ислоҳотларни амалга оширишда барча мутасаддиларга куч-қувват тилайман!

Байрамлар яна бир бора муборак бўлсин!

Хамроев Жамшид ва Хамроева Лобархон”