Жорий йилнинг 23-27 август кунлари Чехиянинг Расице шаҳрида пара-каноэ спорт тури бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур чемпионатда аёллар ўртасида кечган баҳсларда иштирок этган паралимпиячимиз Шаҳноза Мирзаева Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди, дея хабар беради KUN.UZ’га миллий паралампия қўмитаси матбуот хизмати.

Шаҳноза Мирзаева 200 метр масофани 51.778 сония натижаси билан босиб ўтиб, фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медали соҳибасига айланди. Шиддатли кечган баҳсларда 1-ўрин австралиялик спортчи Аманда Рейнолдсга (50.344) насиб этган бўлса, 3-ўринни руминиялик спортчи Михаелла Лулэа (52.033) эгаллади.

Энди ўзбекистонлик пара-каноэчилар жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Осиё Кубогига қизғин ҳозирлик кўради.