Сурияда охирги иккита кимёвий объект йўқ қилинди. Бу ҳақда Россия қуролли кучларининг радиациявий, кимёвий ва биологик ҳимоялаш қўшинлари генерал-майори Игорь Кириллов маълум қилди.  

БМТнинг Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг Суриядаги операцияси давомида кимёвий қурол ишлаб чиқарилган ва сақланган 27 объектни йўқ қилиш режалаштирилганди. Бу объектлардан 25 таси аввалроқ йўқ қилинганди.

“Жангарилар назоратидаги ҳудудда бўлган охирги икки объект бу ҳудудлар озод қилингандан кейин августда йўқ қилинди, радиациявий, кимёвий ва биологик ҳимоялаш қўшинлари томондан текширилди ва халқаро ташкилот мутахассислари ихтиёрига тақдим қилинади”, деб айтган Кириллов.

2013 йил сентябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурияда кимёвий қуролни йўқ қилиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилганди. 2014 йилда Суриядан 1,2 тонна кимёвий модда олиб чиқилган. Бу операцияда 9 та давлат, жумладан Россия иштирок этган. 2016 йил январда Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти Суриядаги барча кимёвий қурол буткул йўқ қилинганини маълум қилган.