Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти, Улуғнор туманидаги “Мингбулоқ” қишлоқ врачлик пунктидаги ҳолат юзасидан мурожаат келиб тушгач, вилоятнинг чўл туманига бориб, вазиятни таҳлил қилиш ҳаракатида бўлдик.

Тўғриси, аризачиларни мактуб битибоқ, зудлик билан танқидий материал кутишига ҳайрон бўласан, киши. Танқид қилиш қочмас. Таҳририят номидан бирор мурожаатни ўрганиш учун борганда айнан ўша ҳолатни келиб чиқиш сабаби чуқур ўрганишга уринамиз. Аслида, мурожаатни кўриб чиқишдан мақсад бориб, танқид қилиш эмас, балки маълум бир натижага эришишдир. Бунинг учун тумандаги мутасаддилар билан музокарага киришиш ва муаммони ҳал қилиш йўлидан борамиз. Энди айни пайтда 10 мингга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган Мингбулоқ қишлоқ врачлик пунктига тўхталсак. Муассаса “Бўстон”, “Теракзор” ва “Мингбулоқ” маҳаллаларида фаолият юритади.

Икки ҳафта олдин врачлик пунктига борганимиздан сўнг, у ерга туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Бобир Қўзиев ва туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Азизбек Отахоновлар етиб келишди. Мурожаатда кўрсатилган камчиликлар юзасидан улар билан суҳбатлашдик.

Ҳоким ўринбосари шу йилнинг февралида пункт ҳашар йўли билан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилгани, бино ва хоналар замонавий кўриниш касб этгани билан айни пайтда муассаса аҳолига тўлиқ ва ва сифатли хизмат кўрсатиш учун юз фоиз тайёр эмаслиги сабабларини тушунтирди. Биз арзда кўрсатилган сув муаммосига эътибор қаратдик. Хоналар ва ташқи фасаддаги косметик камчиликлар шошилинчда қилинганидан дарак бериб турибди.

Ўша куни туман ҳокимлиги мутасаддиси билан бинони кўриб чиққанимиздан сўнг Бобир Қўзиев сув масаласини уч кун давомида мукаммал ҳолатга келтириб беришга ваъда берди. Биз ваъдага ишондик. Тўрт кун ўтиб муассаса мудири Нурилло Эгамбердиев билан телефон орқали боғланганимизда у сантехниклар келгани,  лекин сув чиқара олишмагани ҳақида айтди. Яна туман ҳокими ўринбосарига қўнғироқ қилдик. Сўнг вилоят соғлиқни сақлаш бўлимига. 26 август куни муассаса мудири, бинода сув тушгани акс этган фотосуратларни юбориб, миннатдорчилик билдирди. Мудирнинг айтишича, эртага санузел тизими тўлиқ ишлар экан.

Юқорида ҚВП ҳашар йўли билан қайта таъмирланганига урғу берган эдик. Ҳалқимизнинг ҳашари бор бўлсин.

Бинони ҳеч қайси қурилиш ташкилоти қуриш учун буюртма олиб, топширган эмас. Бизга туман газетасида қурилиш учун тендер эълон қилинганини билдиришган эди. Бугун маълум бўлишича, бинони реконструкция қилиш ишларини “Такомил қурилиш сервис” ташкилоти олиб борадиган бўлибди. Демак энди мукаммал реконстукция ишлари бошланади. Юқорида ҳавола қилганимиздек, ҚВПда муаммолар ҳал этиш йўлига ўтди.

ҚВП мудири Нурилло Эгамбердиев сув муаммоси ҳал бўлгани учун раҳмат айтиб, қурувчилар бинони сентябрь ойида тўлиқ реконструкциядан чиқариб беришини билдирди. Мутасаддиларга миннатдорчилик билдирган ҳолда 10 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатаётган тиббиёт муассасига транспорт воситаси ҳам жуда зарур эканлигини эслатиб ўтсак.

Таҳририят бу масалада яна бир бор мурожаат этади.