Ўзбекистон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Тожикистондан наркотик моддалар партиясини темир йўл транспорт ёрдамида контрабанда йўли билан олиб кириш ҳаракатига чек қўйишди.
 
"22 август куни “Болдир” чегара станциясида чегарачилар Давлат божхона қўмитасининг Сурхондарё вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда 319-рақамли “Душанбе-Москва” поездини кўздан кечириш чоғида, ташқи белгилари героинга ўхшаш бўлган кукунли 3 та полиэтилен пакетни аниқлашди. Пакетлар вагонлардан бири ғилдирак жуфтлигининг топиш қийин бўлган жойига яшириб қўйилган", - деди Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш Қўмитаси вакили.

Таҳлилларнинг кўрсатишича, полиэтилен пакетлардаги модда героин бўлиб, унинг умумий оғирлиги 188,95 граммга тенг. Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди.