Есо Paper Industry МЧЖ 2017-2019 йилларда “Целлюлоза-қоғоз маҳсулотини ишлаб чиқариш бўйича “Целлюлоза-қоғоз комбинатини ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини амалга оширади.

Лойиҳа қуввати йилига 16,5 минг тонна маҳсулотни ташкил этади. Лойиҳанинг тахминий қиймати 10,3 млн долларга тенг.

Лойиҳа унинг ташаббускорининг 3,1 млн доллар миқдоридаги ўз маблағлари ва Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг 7,2 млн доллар миқдоридаги кредити ҳисобидан молиялаштирилади.

Корхона кўп йиллик (терак ва бошқалар) ва бир йиллик (ғўза, топинамбур, шоли пояси ва буғдой похоли) маҳаллий ўсимлик хомашёсини қайта ишлайди ҳамда юқори қўшимча қийматга эга талабгор маҳсулотни ишлаб чиқаради.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 август куни “Республикада целлюлоза ва қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватлар ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон раҳбари бир ойлик муддатда лойиҳа ташаббускорига Тошкент вилоятида целлюлоза-қоғоз комбинатини қуриш учун майдони 20 га бўлган ер участкасини ажратиш вазифасини топширди. Шунингдек, лойиҳа ташаббускори ёғоч плантацияларини (терак ва бошқалар) ташкил этиш учун қўшимча 900 га.лик ер участкасини ҳам олади.

Президент Есо Paper Industry МЧЖга ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этди.