Тошкент давлат аграр университетининг олти нафар битирувчи талабаси Россия Федерациясининг Челябинск вилоятида тушунарсиз аҳволда қолмоқда. Гап шундаки, битирув имтиҳонлари муваффақиятли топшириб, магистратура босқичида ўқиш истагини билдирган Тоипов Фаррух, Назаров Содиқ, Абдурасулова Камола, Оқбоев Аббос ва унинг дўстлари Жанубий-Урал давлат аграр университетида таълим олиш учун барча ҳужжатларини тайёрлай бошлади.

Айнан шу пайтлар мазкур университет Халқаро бўлими бошлиғи Сергей Владимирович Тошкентга ташриф буюриб, талабаларни магистратура талаблари билан таништирди. Интиқиб кутилган онлар етиб келгач, қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларида таълим олиш учун ўзбекистонлик талабалар 25 август куни Челябинск вилоятига етиб келишди.

Аммо, барчаси ёш талабалар кутган даражада бўлмади, аввалига бакалавр дипломининг нострификация қилинмагани рўкач қилиниб, уларни жорий ўқув мавсумидан магистрантлар сафига қўшилмаслиги айтиб ўтилди. Бундан ташқари, Россиядаги Жанубий-Урал давлат аграр университети раҳбарияти ўзбекистонлик талабаларни ётоқхонага қўймаган. Тушунмовчиликнинг асл сабаби Россия таълим тизимида янги жорий қилинган дипломни нострификация қилиш шарти бўлган, холос. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ўқув ишлар бўлим бошлиғи Шакарбой Жониқуловнинг айтишича, битирувчи талабалар Россияда бошпанасиз қолмаган.

"Биз барча имкониятларни ишга соляпмиз, Жан.УАУ меҳмонхонасида бизнинг талабалар учун жой ажратилди. Айни пайтда ўша университетда таълим олаётган ва амалиётда бўлган вакилларимиз орқали олти талабанинг озиқ-овқат ва эҳтиёжларини қондиришни режалаштирганмиз. Тез фурсатларда уйга қайтиш, авиа чипталарни харид қилиш устида бош қотирмоқдамиз”, дейди у.

Шунингдек, Шакарбой Жониқулов юқорида номи зикр этилган талабалардан фақат иккитасининг вазирлик тавсияномасига эга бўлганини таъкидлаб ўтган. Демак, қолган ёшлар ўз хоҳишига кўра имтиҳон топшириб, чет давлатга кетишган. KUN.UZ мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида, Тошкент давлат аграр университети Халқаро бўлим ходими Санжар Адилов билан боғланди.

"Биз вазият тафсилотларидан тўлиқ хабардор эмасмиз, лекин шуни айта оламанки, улар махсус тавсиянома орқали кетмаган эди ва ҳужжатларни тайёрлашда ўзлари масъул бўлган”, дейди у.

Ҳолатнинг бошқа бир томонида олис юртда, оиласидан узоқда қолган талабалар қисмати қолмоқда. Аниқланишича, Оқбоев Аббос номаълум сабабга кўра Россия Божхона хизмати ходимлари томонидан ушлаб қолинган, айни пайтда у Ўзбекистонга қайтариб юборилган.

Россияда ўқиб, билимлари билан Ўзбекистонда хизмат қилишни кўзлаган ёшлар ишни пухта қилмагани туфайли тушунмовчилик ва муросасиз ҳолат юзага келиб қолмоқда, деб айбни бир тарафга қўя олмаймиз.  Кейинги савол эса талабалар Тошкентга қайтиб келгач, нима билан машғул бўлади?

"Биз талабаларнинг Ўзбекистонга қайтиб келиши биланоқ иш билан таъминлаймиз. Ҳар бирининг доимий рўйхатдан ўтган ҳудуди бўйича иш ўрнини ҳозирлаб қўйдик”, дейди Шакарбой Жониқулов.

KUN.UZ воқеалар ривожини кузатиб боради ҳамда тезкорлик билан етказиб беришда давом этади.