KUN.UZ таҳририяти “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” доирасида вазирликлар раҳбарлари, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари билан очиқ суҳбат уюштиришда давом этмоқда. Навбатдаги очиқ мулоқот Наманган шаҳри ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан ўтказилди. Суҳбат давомида ҳоким қатор долзарб масалалар бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Ҳоким сифатида ишлаш қийинми?

Шаҳар ҳокими сифатида сайланганимга бир ойдан ортиқ вақт ўтди. Бу саволга иккита жавоб бор: ҳам қийин, ҳам осон. Қийинлиги – кўплаб муаммолар бор. Уларни қайсидир раҳбарлар кўтармасдан, қандайдир даражада беркитиб келинганлари ҳам кўп. Лекин, мана, янги даврга ўтаяпмиз, десак тўғри бўлади. Муҳтарам Президентимиз кўп соҳаларда ислоҳотларни амалга оширмоқда. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бугунги кунда фуқаролар билан ишлаш, муаммоларга тик боқиш ва уларни ҳал қилиш масаласи олдимизга вазифа қилиб қўйилган. Шаҳарда муаммо жуда ҳам кўп. Ичимлик суви таъминоти, ички йўллар масаласида йиллар давомида тўпланган муаммолар бор. Қолаверса, уй-жой масаласи ҳам бизда долзарб аҳамиятга эга. Фаолиятимни бошлаганимдан сўнг, ер участкаларини ажратиш масаласи вақтинчалик тўхтатилди. Нега? Ер шаҳарнинг турли томонларидан ажратиб берилади, лекин эртага унинг коммуникациясини маҳаллий ҳокимият қилиб бериши керак. 10 та жойга электр тортиш, газ, йўл қилиш оғир масала. Шунинг учун Наманган шаҳар ҳокимлиги сайтида мурожаатлар рўйхати шакллантирилмоқда. Бизда ер участкаси энг оғир масала. 

Фото: KUN.UZ

Ёшлар масаласи

Бу масалада муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари ҳам, менинг ҳам фикрим шундайки: уларга, биринчи навбатда, шароит қилиб беришимиз керак. Жиноят кўпайиб кетаяпти, ёшларимиз четга чиқиб кетаяпти, деган шиорлар билан юрадиган пайтлар ўтиб кетди. Нима қилиш керак? Биринчиси - иш ўрни керак. Банд бўлса, жиноятчилик бўлмайди. Ўзининг устида ишлаш учун шароит бўлиши керак ва энг асосийси – ёшларга ҳордиқ чиқариш учун шароит лозим. Бизда ҳордиқ чиқариш, афсуски, етарли эмас. Бир пайтлар бизда боулинг-клуб каби нарсалар бўлган. Ҳозир боғларимиз ривожланиб, кўпаймоқда, бироқ барибир етарли эмас. Бугунги кунда 30 ёшгача бўлган аҳолимиз сони 300 мингга яқин. Агарда унда мазмунли ҳордиқ бўлмаса, бошқа таклифга дуч келиши мумкин. Кимдир сигарета чекиб кўр, бошқа ишни қилиб кўр, дейди. Ўз-ўзидан жиноятчилик келиб чиқади. Шунинг учун ёшларни банд қилишимиз лозим. Ёшлар иттифоқининг ташкил этилгани ҳам жуда катта ташаббус бўлди. Иттифоқ шу муаммоларни ечишда ижро ҳокимияти органларига кўмакдош бўлади, деб ўйлайман. 

Тадбиркорлар ва аҳоли ўртасидаги зиддиятлар

Бу ердаги энг асосий чора – агарда қонунга зид бўладиган бўлса, қатъият билан қонун талабини бажартиришимиз керак. Мисол учун - ноқонуний қурилмалар, деймиз. Бу масалада махсус комиссия фаолият кўрсатади. Ноқонуний қурилмани олиб, бошқа жойга қонуний қилиб ўрнатиш керак. Шароит яратиб беришимиз лозим. У тадбиркор бўладими, фуқаро бўладими, барча қонунни бирдек ҳурмат қилиши керак. Агарда, фуқаро нотўғри талаб қўйса, у ҳам жавоб бериши лозим. У ҳақиқий тадбиркор бўлиб, барча нормаларни бажариб қўйган бўлса, бир одам уни кўролмасдан ёки у билан ёмон чиқишиб қолгани туфайли шундай ҳолатлар кузатилса, ўша фуқарога нисбатан чора кўришимиз керак.

Фото: KUN.UZ

Қонунни ҳурмат қилиш 

Қонунни ҳурмат қилиш керак, деган нуқтаи назардаги позиция шундан иборатки, Наманган шаҳридаги кўп қонун бузилиш ҳолатлари ер билан боғлиқ. Ҳақиқий муҳтож одамлар, ҳақиқий тадбиркорлар айрим ҳолатларда ер ололмай қийналиб юрибди, сохта тадбиркорлар ёки бошқалари ўзбошимчалик билан қурилишларни қилиб, қонунни менсимасдан тадбиркорлик қилаяпти. Сўрасангиз, бир парча қоғози йўқ. Қандай қилиб у фаолият кўрсатиши мумкин? У ерда ҳақиқий ҳужжат, лойиҳа қилиб, замонавий иш қиламан, деган тадбиркор овора бўлиб юрса-да, бошқа тадбиркор қайсидир йўл билан кириб, у жойда фаолият кўрсатса... Бир ой ичида 20-25 та жойнинг фаолиятини ноқонуний бўлганлигини учун  тўхтаттиришга мажбур бўлдим. Нега? Одамларда шундан норозилик келиб чиқади: Давлат, ҳокимият қаерга қараяпти, бу жойда қуриш мумкин эмас-ку, деган фикр пайдо бўлади. Тўғри, бу жойда 10 та, 100 тагача иш ўрни яратиб қўйиши мумкин, лекин эртага хавфи бор ҳудудда яратилган иш ўрнининг ўз масаласи бор. 

Ободонлаштириш ишларига ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг жалб этилиши

Бу йўналишда турли сайт ва ижтимоий тармоқларда гап-сўзлар чиқди. Биз улардан уйма-уй юришда нега фойдаланмоқдамиз? Сабаби, санитария нуқтаи назаридан бу уларнинг бевосита вазифаси. Тиббиёт ходимларининг патронаж хизмати бор. Бироқ, биз ҳаммани бирлаштириб, бирга юрмоқдамиз. Улар ўйламоқдаки, маҳаллаларда кўча тозалашга олиб юрибди, деб. Йўқ, тиббиётчи ўзининг ишини қилмоқда ва санитария юзасидан иш олиб бормоқда. Ишчи гуруҳимизда тўрт-беш патронаж ҳамширасини шунга олиб юрибмизки, ўша хонадонга кириб, санитария ҳолатларини тушунтирсин, деб. Халқ таълим бўлими ходимлари эса ўқувчиларнинг давомати бўйича иш олиб боради. Биз уларга кўчаларни супуртираётганимиз йўқ. Ободонлаштириш бошқармасидан аввалдан 100 кишини тозаликка жалб этмоқдамиз. Юқоридагиларнинг ҳаммаси эса ўз соҳаси бўйича ишламоқда. Қабристонларни ободонлаштиришда эса маҳаллалар ва диний муассасаларга мурожаат қилдик.

Шавкат Абдураззоқов билан ўтказилган мазмунли суҳбат давомида Наманган шаҳрининг ютуқлари, келгусидаги режалари ва мавжуд муаммолар ҳақида сўз юритилди.