Тереза Мэй 2019 йилнинг 30 августига қадар Буюк Британия бош вазири лавозимини тарк этиши мумкин. Бу ҳақда Mirror нашри парламентдаги манбаларига асосланган ҳолда хабар тарқатди.

«Кўриниб турибдики, у кейинги сайловларда бизнинг етакчимиз бўлмайди (кейинги сайловлар 2019 йилнинг сентябрида бўлиб ўтади - таҳр)», дея маълумот берган ўз номини сир тутишни истаган консерваторлардан бири.

Газета маълумотларига кўра, партиянинг янги раҳбарини сайлаш учун 2019 йил ёзида сайловлар ўтказилади. Тереза Мэйнинг ўринбосари номи 30 август куни айтилади, 3 сентябрь куни эса у парламентарийларга таништирилади.

Айни вақтда Тереза Мэй шаҳар ташқарисидаги қароргоҳида партия вакиллари билан учрашув ўтказмоқда. Манбанинг айтишича, шу учрашувда у ўзини қўллаб-қувватлайдиган депутатларни аниқлаб, ўзининг партия ичидаги рақибларига қарши кураш режасини тузади.