Гватемала президенти Жимми Моралес Гватемалада жазосизликка қарши халқаро комиссия раҳбари Иван Веласкесни персона нон грата деб эълон қилди. Бу ҳақда Infobae хабар бермоқда. 

Моралес ўз баёнотида колумбиялик судья Веласкесга мамлакатни зудлик билан тарк этишни буюрган. 

“Гватемала халқи манфаати йўлида ҳаракат қилувчи президент сифатида ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш мақсадида мен жаноб Иван Веласкес Гомесни персона нон грата деб эълон қиламан. Унга Гватемалани зудлик билан тарк этишни буюраман”, деб айтган Моралес.

Таъкидланишича, Веласкес Моралес партиясининг коррупция жиноятлари иши бўйича Моралесга нисбатан тергов олиб борган. 25 августда Веласкес ва Гватемала бош прокурори Тельма Олдана Моралесни дахлсизлик иммунитетидан маҳрум қилиш жараёнини бошлашган.

Гватемалада жазосизликка қарши халқаро комиссия БМТ ва Гватемала ҳукумати билан биргаликда мамлакатда коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида 2006 йилда ташкил этилган.