БМТ бош котиби Антониу Гутеррешнинг Исроилга биринчи ташрифи вақтида Исроилнинг БМТда унга нисбатан нохолис муносабатда бўлишга бошқа тоқат қилмаслиги муҳокама қилинади. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири ўринбосари Ципи Хотовели маълум қилди.

Аввалроқ БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик Гутерреш Исроил ва Фаластинга ташрифи давомида икки давлат етакчилари билан музокаралар ўтказишини маълум қилганди.

“Биз БМТнинг Исроилга муносабатида ўзгаришларга эришмоқчимиз. Бу масалани муҳокамага олиб чиқадиган ва уни ҳал қиладиган вақт келди”, деб айтган Хотовели.

Унинг айтишича, агар БМТ ўз муносабатини ўзгартирмаса, унда Исроил ва бошқа давлатлар томондан қўллаб-қувватлов ва молиялаштиришдан маҳрум бўлади. Хотовелининг таъкидлашича, АҚШ ҳам бу борада ўз позициясини ўзгартирган ва Исроилга нисбатан БМТ томондан нохолис муносабатда бўлишга бошқа тоқат қилмаслигига ишора қилган.

Хотовелининг айтишича, БМТ бош котиби билан музокараларда БМТнинг Ливандаги миссияси мустаҳкамланиши ҳам муҳокама қилинади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши жорий ҳафтада БМТнинг Ливандаги қуролли кучларининг ишини муҳокама қилган. Бу кучлар Ливан жанубида 2006 йилдан бери Исроил билан ўт очишни тўхтатиш тартибини кузатиш учун жойлаштирилган. Франция бу миссиянинг мандатини яна бир йилга узайтириш резолюциясини тақдим қилмоқчи. Бироқ АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли АҚШ БМТ ҳарбийлари Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига нисбатан бир қатор чоралар кўриши учун мандатнинг ўзгартирилишига ҳаракат қилишини айтган. Ушбу гуруҳ АҚШда террорчилик гуруҳи деб ҳисобланади.