Тошкент вақти билан 27 август тонгида бокс мухлислари орзиқиб кутган аср жанги бўлиб ўтди. Лас-Вегасда енгилмас боксчи Флойд Мэйвезер UFC юлдузи Конор МакГрегорга қарши рингга чиқди. Бокс қоидалари асосида бўлиб ўтган бу жангда америкалик боксчи ғалабага эришди.

Жангнинг дастлабки раундларида ирландиялик спортчи устунликка эришаётганди. Аммо жангнинг иккинчи қисмидан бошлаб Мэйвезер назоратни ўз қўлига олди. 10-раундга келиб эса рефери техник нокаут қайд этди ва америкалик спортчи ғалабасини маълум қилди.

Бу жанг учун Мэйвезер 100 миллион доллар, МакГрегор — 30 миллион доллар ишлади. Бу маблағлар спортчилар жангда қандай натижа кўрсатишидан қатъи назар кафолатланган маблағлардир. Бундан ташқари, ғалаба учун бонуслар, шунингдек, чипталар сотуви ва тўловли трансляциялардан (pay-per-view) тушган маблағлардан улушлар ваъда қилинган. Бунинг ҳисобига спортчиларнинг гонорарлари миқдори бир неча баробар ўсиши мумкин.

40 ёшли Мэйвезер шу тариқа профессионал рингдаги барча 50 жангида ғалабага эришмоқда. У охирги марта 2015 йил сентябрида рингга чиққан ва боксчилик фаолиятини якунлагани ҳақида маълум қилганди.

Ҳозирда 29 ёшда бўлган МакГрегор ММАда 24 жанг ўтказган ва 21 ғалабага эришиб, 3 марта мағлуб бўлган.

Фото: Getty Images 
Фото: Reuters
Фото: Reuters

Фотожамланма: Мэйвезернинг сўнгги жангги