Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори эълон қилинган эди. Ана шу фармон ва қарорга асосан Ўзбекистонда фахрийларга кўплаб моддий ва маънавий эътибор ва эҳтиром кўрсатилди. Ҳукумат томонидан берилаётган эътибор Маккаи мукаррама шаҳрида ҳам давом этмоқда. Кеча эрта тонгдан Макка шаҳри "ал-Ҳидоя" меҳмонхонаси жуда чиройли тарзда безатилди. Шу куни ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига бағишлаб байрам тадбири ўтказилди. Бошлари узра атиргуллар сочилди, мушку анбарлар сепилди. Муборак зам-зам суви ва ширинлигу хурмолар билан сийланишди. Байрам тадбирига ташриф буюрган санъаткорлар томонидан шукроналик оҳанглари ва салавотлар куйланди.

Тадбирда сўзга чиққан уруш фахрийлари Ўзбекистон президенти бошчилигида ҳукумат томонидан кексаларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатилаётгани, нуронийларга ҳурмат-эътибор берилаётганини алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги раҳбарлари, "ал-Ҳидоя" халқаро ширкати раҳбари Солиҳ Салим Боҳвиний ва бошқа мутасаддилар сўзга чиқиб, ўзбек халқини Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги билан самимий муборакбод этишди ва фахрийларни эл-юрт тинчлиги йўлида қилган буюк хизматларини юксак эътироф этишди.

Тадбир сўнгида фахрийларга эсдалик совғалари улашилди. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ва Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган ўзбеклар ҳақига Қуръони карим тиловат қилиниб, уларнинг руҳи ёдга олинди. Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги сўраб дуои хайрлар қилинди.

Зафар Хайруллаев,
“Зиё” студияси