26 август Лас-Вегасда америкалик боксчи Флойд Мейвезер ва UFC чемпиони Конор Макгрегор ўртасида бокс жанги бўлиб ўтди.

Ушбу жанг яккакурашлар тарихидаги энг сердаромади бўлди. Мейвезернинг промоутерлик компанияси ижрочи директори Леонард Эллербенинг айтишича, жанг якунлангандан кейин америкаликнинг бутун фаолияти давомида ишлаб топган пули 1 млрд доллардан ошиб кетди.

Аввалроқ Мейвезер ушбу жанг орқасидан 400 млн доллар ишлаб олгани маълум қилинганди.

Шу тариқа, Мейвезер даромади миллиард доллардан ошган тарихдаги учинчи спортчи бўлди. Аввал бундай натижага баскетболчи Майкл Жордан ва гольфчи Тайгер Вудс эришган. 

“Аср жанги” деб ном олган жангнинг ўзи эса Мейвезернинг 10-раунддаги техник нокаут билан эришилган ғалабаси билан тугади.