Ўзбекистонлик ММА жангчиси Мурод Хонтўраев Қозоғистоннинг Остона шаҳрида профессионал фаолиятидаги 9-жангини ўтказди, деб хабар қилмоқда Sports.uz

Бу сафар 30 ёшли ҳамюртимизга украиналик Олег Проценко қаршилик қилди. Проценко мазкур жангга қадар ММАда 12 та жанг ўтказиб, 8 та ғалаба ва 4 та мағлубият қайд этганди.

Жангни анчагина фаол бошлаган ва рақибига етарлича муаммолар туғдирган Мурод Хонтўраев 1-раунд якунланиб бораётган вақтда рақиби томонидан йиқитилди ва украиналик жангчи бўғиш усули билан ғалаба қозонди.

Жанг якунлангач Проценко рақибига жанг учун ва қозоғистонликларга илиқ кутиб олишгани учун ташаккур билдириб, сўнгра Мурод Хонтўраевни қучиб, узр сўради.

Маълумот учун, «Осиё айиғи» номи билан танилган Мурод Хонтўраев ММАда жами 9 та жанг ўтказиб, 7 та ғалаба ва бугунги билан 2 та мағлубият қайд этган.