Бугун Хитойдаги Ўзбекистон элчихонасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбаев Хитойда таҳсил олаётган ва меҳнат фаолиятини юритаётган ўзбекистонлик ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Самимий ва эркин руҳда ўтган суҳбатда Қаҳрамон Қуранбаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчиси Бахтиёр Саидов ҳамда кўп сонли ўзбекистонлик ёшлар иштирок этишди.

Фото: Ёшлар Иттифоқи матбуот хизмати

Қаҳрамон Қуранбаев ўз нутқида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий ўзгаришлар, ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига яратиб берилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Очиқ мулоқот давомида Хитойдаги 2700 нафардан ортиқ ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, қолаверса, ўзбекистонлик ёшларни мамлакатдаги ёшлар сиёсатига оид янгиликлардан бохабар қилиш мақсадида “Ахборот етказиш маркази” ташкил этилиши маълум қилинган.

Фото: Ёшлар Иттифоқи матбуот хизмати

Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди. Шундан сўнг Акмал Иброҳимов бир овоздан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Пекиндаги Бошланғич ташкилоти етакчилигига сайланди. Бошланғич ташкилот етакчисининг АКТ ва ахборотни жамоатчиликка етказиш бўйича ўринбосари сифатида эса Озода Аминова фаолият юритадиган бўлди.

Фото: Ёшлар Иттифоқи матбуот хизмати

Бир сўз билан айтганда, бу Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг хорижда очилган биринчи Бошланғич ташкилоти. Кейинчалик барча хорижий давлатларда таҳсил олаётган ва ишлаётган ёшларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида яна бошқа ривожланган давлатларда ҳам бошланғич ташкилотлар тузилиши кўзда тутилган.

Тадбир элчихона ташаббуси билан ёзилган дастурхон атрофида давом этди.