2017 йил 20-25 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари З.Т.Мирзаев бошчилигидаги делегация Индонезия Республикасига расмий ташриф буюрди. Ташриф давомида Индонезия ва Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги соҳасида бир неча келишув ва шартномалар имзоланди.

Шулар қаторида, Тошкент давлат аграр университети, Богор аграр университети билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадидаги чора-тадбирлар режаси ҳамда Индонезиянинг Ўрмончилик илмий тадқиқот институти билан ҳамкорлик баённомасини имзоланди.

Фото: Университет матбуот хизмати
Фото: Университет матбуот хизмати

Имзоланган келишувлар натижасида икки томонлама ҳамкорлик янада кенгайтирилади ҳамда қуйидагилар амалга оширилади:

Тошкент давлат аграр университи ва Богор аграр университети профессор-ўқитувчиларининг алмашуви амалга оширилади, жумладан, сабзавотчилик, балиқчилик ва шоличилик йўналишларининг профессор-ўқитувчилари Богор аграр университетида малакасини оширишади;

Сабзавотчилик, балиқчилик ва шоличилик йўналишлари учун, Богор аграр университети мутахассислари билан ҳамкорликда янги ўқув дастурлари ва ўқув режалари яратилади;

ТошДАУ’нинг агрономия, балиқчилик ва мева-сабзавотчилик йўналишларининг бакалавр ва магистр талабалари Богор аграр университетида, алмашув асосида, 1 йиллик ўқишга юборилади;

Агрономия, балиқчилик ва мева-сабзавотчилик магистратура мутахассислиги бўйича Богор аграр университети билан икки томонлама дипломга эришиш бўйича ишларни амалга оширишга келишилди.
Тошкент давлат аграр университи ва Индонезиянинг Ўрмончилик илмий тадқиқот институтининг ўрмончилик соҳасидаги тадқиқотлар олиб бораётган ёш олим ва мутахассислари ҳамкорликда илмий ишлар олиб бориши ва халқаро - давлат грантлари асосида лойиҳаларни бажариши, шунингдек, илмий амалий конференциялар ўтказиш, илмий кадрлар алмашувини амалга ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.