Ўзбекистон бўйлаб қўшалоқ байрамлар нишонланиши арафасида Тошкент шаҳар “101” қисқа рақамининг Марказий диспетчерлик хизмати ОАВ вакиллари учун махсус тадбир уюштирди. Унда ОАВ вакиллари МДХнинг фаолияти, унинг шаҳарда ёнғин хавфсизлигига қарши кураш, уларни бартараф этишдаги ўрни хусусида батафсил маълумотлар берилди. 

Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси МДХ раҳбари подполковник Юров Сергейнинг маълум қилишича, бугунги кунда ушбу Марказий диспетчерлик хизмати ишини олиб боришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш устида иш олиб борилмоқда. Шу мақсадда хориждан олиб келинаётган ва ўрнатилаётган электрон жиҳозлар ва кузатув камералари, алоқа воситалари, хавфдан огоҳ этувчи ускуналарнинг юқори сифатли бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири камералар сифати, иш жараёнида ахборот технологиялари қанчалик жиддийлик билан жорий қилинаётганига бевосита гувоҳ бўлди. 

Хусусан, ЎзМТРК ҳудудидаги телеминорага ўрнатилган камераларнинг яқинлаштириш (ZOOM) тасвирлари сифатини аъло даражада эканига ишонч ҳосил қилинди. Жумладан минорадаги камералар 5-6 км узоқликдаги ҳудудларни юқори аниқликда кўрсатади. Яна бир камера МДХ биносига ўрнатилган. Шу билан шаҳар катта ҳудудини юқоридан ёнғин хавфсизлиги бўйича назорат қилиш мумкин. 

Бугунги кунда МДХ ихтиёрида 3 та камера бўлиб, уларнинг сонини уларнинг сонини кўпайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Учтепа тумани ҳокимияти ва Ички ишлар бўлими биносига, яна бирини Юнусобод телеминорасига ўрнатиш режалаштирилмоқда. Айни вақтда лойиҳалаш, меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Марказий диспетчерлик хизмати фаолиятини ташкил этишни компьютер ва ахборот технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Унда шаҳарнинг махсус электрон харитаси, дастури бўлиб, шаҳардаги ёнғин ва унга қарши кураш ҳолати, сув олиш қувурлари, биринчи, иккинчи ва учинчи даражали иншоотлар жойлашуви, ўт ўчириш тизимлари ўрни, ўт ўчириш бригадалари хизматни ўташга кетган бўлса, уларнинг қайси ҳудуддалиги онлайн равишда акс этиб боради. 

Юровнинг сўзларига кўра, бир кунда шаҳар бўйлаб 20 та ўч ўчириш бригадаси навбатчиликда туради. Улар шаҳар ҳудудларига турли нуқталарда ёнғин юз берадиган бўлса, 3-5 дақиқада етиб борадиган даражада жойлаштирилган. 

Тадбир сўнггида ёнғинга қарши кураш ва ўт ўчириш бўлинмаларининг ҳар қандай ҳолатга шайлиги ОАВ вакилларига кўргазмали равишда намойиш этилди.