Бундан бир аср муқаддам жадидчи боболаримиз маърифатсиз миллатнинг эртаси ҳам қоронғи бўлишини айтиб, барчани мактаб қуришга, фарзандларини илмли қилишга даъват этганди. АҚШдаги Green Building Council ("Яшил" қурилиш кенгаши) томонидан 2013 йилнинг март ойида эълон қилинган ҳисоботда мамлакатдаги умумий мактабларни таъмир ҳолатини яхшилаш, ундаги шароитларни кенгайтириш учун ўртача 271 миллиард АҚШ доллари сарфланиши эътироф этилган. Бу эса ўз ўрнида ҳар бир ўқувчи учун тахминан 5000 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилишидан дарак беради. Минг афсуски, бу насиҳатни орадан сал кам 100 йил ўтса ҳам, замондошларимиз томонидан амалда қўлланилганда ҳам, биз "эшитмаймиз", "кўрмаймиз" ва англаб етмаётгандекмиз. Бундай тушкунликда бўлишимизни қуйидаги суратларни сўзлаб берар.

 

Сиз кўриб турганингиз Иккинчи Жаҳон урушини кўрган Чехиядаги билим юрти ёки олис, чекка ҳудуддаги мактаб эмас, пойтахт Тошкент шаҳри, Олмазор туманида жойлашган 24-умумтаълим мактабининг олд биносидир. Агар ташриф буюрсангиз, ўша синиқ ойна, шумшайиб қолган баҳайбат олд бино олдида ҳиндистонлик сиёсий арбоб Баҳодур Лал Шастрининг ҳайкали сизга жилмайиб боқиб турганига гувоҳ бўласиз.

Савол пайдо бўлади, сайёҳлар ташриф буюрса, диққатга сазовор маскан сифатида шу ерга келишадими ёки ҳас-пўшлаб, кўзни юмиб ўтиш керакми? Ахир, сайёҳлик соҳасини ривожлантиришга қанчалик уринсак, шунчалик маданий, тарихий ва ижтимоий объектларга эътибор қилиш лозим эмасми? Ҳа, майли дедим, аммо дўппини бир четга қўйиб савол берсак, қандай мактаблар таъмирга муҳтож, деб топилади?

"Умумтаълим мактабларини қурилиш-таъмирлаш дастурига киритиш бўйича асосий мезон - мактаб бинолари (мослаштирилган, авария ҳолати келиб қолган бинолар) бўйича ҳудудий ДАҚН инспекциялари ва тегишли ташкилотларнинг биноларни яроқлилик ҳолати тўғрисида берилган техник хулосаларга асосан тузилади. Мактаб ҳудудида аҳолининг кескин кўпайиши оқибатида мавжуд қурилган биноларда ўқувчилар сони кўпайиб, синфхоналар етишмаётган мактабларга, яъни навбатлилик коэффициенти 1,3дан ортиқ бўлса ёки биноларнинг том қисми таъмирталаб, яъни чакки ўтаётганлиги, юмшоқ қопламали бўлганлигига, мавжуд биноларнинг эшик ва дераза ромлари таъмирталаб, яъни дераза ромлари ва эшиклари йиллар мобайнида ўз муддатини ўтаб бўлган бўлиб, тўлиқ ёки қисман алмаштиришга, иситиш тизими таъмирталаб ёки янги қозонлар алмаштириш, тизимга мослаштириш, пол қисми таъмирталаб ҳолга келиб қолган объектларга эътибор қаратилади", деб маълумот берди Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати.

Ушбу мактабда фаолият бошлаганига кўп йил бўлмаган директор Аброр Зоҳидов билан суҳбатлашганимизда, орқа тарафдаги ёрдамчи бинолар ишлаб тургани, умумий ўқувчи сиғими 700 нафарга яқин эканини билдирди.

"Қиш мавсумида иситиш тизимини яхшиладик, бозор нархида ҳисобласа буларнинг барчаси қиммат нархланади. Олд бинонинг тўлиқ таъмирлаш масаласида бир янгилик йўқ, лекин оғзаки тасдиқлашмоқда: «келаси йил қурилади», деб жавоб беришган. Бундан ташқари, болалар икки сменада, алмашиб ўқишади, агар бу бинони ишга туширсак, жуда қувонарли воқеа бўлар эди", деб фикр билдирди у.

Мактаб директори ҳам, яхши тушуниб турганингиз каби, масала маблағга тақалиб қолганини таъкидламоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 140-сонли Қарорининг 28-бандига кўра белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди. Ушбу янги қарорнинг бандлари бўйича директорнинг ҳам жон куйдирганича муаммо бор, мактабда ўқувчилар кўп, қўшни маҳалладан ҳам келиб ўқишади.

"Бизнинг маҳаллада 5400 нафар аҳоли яшайди, лекин умумтаълим мактаб йўқ. Болалар атрофдаги мактабларга боришади, асосан 24-, 11- ва 28-сонли билим юртига қатнайди", деб йўлнинг нариги юзидаги бинога ишора қилди Абу-Бакр номли МФЙ раиси маслаҳатчиси Ризаева Мактуба.

Бизнинг ўйлантирган масала шундаки, нега ҳинд-ўзбек ҳамдўстлигининг исботи ўлароқ қурилган, ҳинд тилидан болалар сабоқ чиқарадиган муҳташам бино ночор аҳволга ташлаб қўйилди? Олмазор тумани Халқ таълим бошқармаси билан боғланганимизда Абдуқодир Илҳомов ушбу бино мустақилликнинг илк йилларида қурилганини билдирди. Атрофдаги қўшнилар Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам мактабга ташриф буюрганини айтиб, кўпчиликка билим берган бинонинг ачинарли аҳволда қолдирилишидан куюниб гапиришди.

Тошкент шаҳар ҳокимият тизимида фаолият олиб борувчи масъул ходимнинг бефарқлигими ёки қаровсиз қолган бино ҳеч кимга керак эмасми, хуллас танганинг бу тарафи қоронғу қолмоқда. Абдулла Авлоний ўз маблағларининг ҳисобидан бўлса ҳам миллат равнақи учун мактаб қурдирган пайтларни эслаб, ўйлаб қарасак, нега биз тайёр мактаб биносини ишга тушириш учун ҳам пул ажратмаймиз? Нега ўқувчиларнинг билим олиб, эркин шароитда улғайиши истамаймиз? Нега ҳар хил важлар билан, бино таъмирини кейинги йилга суриб келаверамиз?