АҚШ ва Қозоғистон ўртасида энергетика бўйича мунтазам стратегик мулоқот йўлга қўйилади, деб маълум қилди АҚШ энергетика вазири ўринбосари Дэн Бруйетт.

“Мен вазир Бозумбаев билан бугунги учрашувда ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш ва энергетика бўйича мунтазам стратегик мулоқотни йўлга қўйиш бўйича келишувга келганимиздан хурсандман”, деб айтган Бруйетт Қозоғистон энергетика вазири Канат Бозумбаев билан учрашуви натижалари бўйича журналистларга берган ахборотида.

Бруйеттнинг таъкидлашича, АҚШ ва Қозоғистон “фуқаролик ядро энергетикасини илгари суришда биргаликда ишлайди”. Бу энергетика тури хавфсизроқ ва атрофга тарқалишдан кўпроқ ҳимояланган. 

“Мен Бозумбаевни стратегик мулоқотни расман йўлга қўйиш учун Вашингтонга таклиф қиламан. Биз у ерда 2018 ва ундан кейинги йиллар учун ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишлар режасини тузиб чиқамиз”, деб айтган Бруйетт.

Қозоғистон дунёда уран ишлаб чиқарувчи энг йирик давлатлардан бири ҳисобланади: 2016 йилда Қозоғистон олган уран 24 минг тоннага яқинни ташкил қилган.