“Барселона” раҳбарияти Дортмунднинг “Боруссия” клуби Усмон Дембеленинг трансфери бўйича олиши мумкин бўлган бонуслар суммасини маълум қилди. Футболчининг трансфери 105 млн еврони ташкил қилган. 

20 ёшли футболчининг янги клубда расмий тақдимоти давомида “Барса” президенти Хосеп Мария Бартомеу дортмундликлар трансфер суммасидан ташқари яна 40 млн евро миқдорида бонуслар олишлари мумкинлигини айтган. Бироқ бу ярмига Дембеленинг янги клубдаги иштироки ва ярмига “Барса”нинг ютуқларига боғлиқ бўлади.

“Усмон биз ортидан бир неча мавсум кузатган ўйинчидир. Биз унинг трансфери учун 105 млн евро ва бонуслар кўринишида яна 40 млн евро кўзда тутилган келишувга келганмиз, бироқ бу ҳам ўйинчининг иштироки, ҳам жамоанинг иштирокига боғлиқ бўлади”, деб айтган Бартомеу матбуот анжуманда. 

Эслатиб ўтамиз, Дембеле каталон клуби билан 5 йиллик шартнома тузди. Унга эгалик қилмоқчи бўладиган бошқа бир клуб “Барса”га 400 млн евро тўлаши белгилаб қўйилди.

 “Барса” билан 28 августда шартнома имзолаган Дембеле каталон клуби ҳужумчиси Лионель Мессини футбол тарихдаги энг зўр ўйинчи деб ҳисоблашини айтиб ўтди.

“Менга Лео Месси билан бирга ўйнаш шарафдир. У футбол тарихидаги энг яхши ўйинчидир. Мен бу ерга билмаганларимни ўрганиш учун келдим. Мен бу ерда, дунёнинг энг яхши клубида бўлишдан мамнунман. Менинг орзуим ушалди, мен энди янги клубим билан унвонлар ютиш учун астойдил меҳнат қиламан”, деб айтган Дембеле.