Қорақалпоғистонлик тадбиркор Қутлимурат Панаевнинг Kruz.uz нашрига маълум қилишича, у Ўзбекистоннинг Ғарбий Қозоғистон билан чегарасидаги «Қорақалпоғистон» божхона постида бюрократик тўсиқлар туфайли 6000 евро зарар кўрган.

Тадбиркорнинг Австрия давлатидан олиб келаётган 300та наслли эчкиларининг 10таси ушбу постда узоқ вақт ушлаб турилиши вақтида иссиққа чидамай ўлиб қолади. Бу наслли эчкиларнинг ҳар бири 600 еврога тушган.

«Июль ойидаги 60 даража иссиқда наслли эчкилар ортилган транспортларни «Қорақалпоғистон» божхона постида 8 соат ушлаб турди. Шу постгача мен 7та давлатнинг (Австрия-Германия-Польша-Украина-Беларусь-Россия-Қозоғистон) чегарасидан ортиқча оворагарчиликларсиз, бемалол, эсон-омон ўтдим, келиб-келиб ўз юртимнинг чегара постида жабр тортдим. Мана энди 6000 евро зарар кўрмоқдаман. Бу чиқимни ким менга қоплаб беради? Божхона хизматкорлари қанақадир ўзларининг қонун-тартибларини менга важ қилаяпти. Давлатнинг зарарига ишлайдиган бунақа қонун-тартиблар нимага керак?! Ахир мен давлатимга бойлик олиб келаётгандим. Божхона хизмати мени ҳалиям ушлаб тураверарди. Юқори ташкилотдаги мулозимларнинг ўртага тушиши билан вазият юмшади», - деган тадбиркор.