Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси www.kruz.uz сайтида эълон қилинган ва KUN.UZ қайта эълон қилинган “Божхона хизматидаги бюрорактия сабабли Қорақалпоғистонлик тадбиркор 6000 евро зарар кўрди” номли хабар раддия берди. Қуйида унинг тўлиқ матнини келтирамиз. 

“Жорий йилнинг 25 август куни Интернет тармоғидаги www.kruz.uz доменида жойлашган «Қорақалпоғистон янгиликлари» сайти ўз саҳифасида “Божхона хизматидаги бюрократия сабабли қорақалпоғистонлик тадбиркор 6000 евро зарар кўрди” номли мақолани эълон қилди.

Мақолада таъкидланишича, қорақалпоғистонлик тадбиркор Қутлимурат Панаев томонидан Австриядан келтирилаётган ҳар бири 600 еврони (Йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра эчкиларнинг фактура қиймати 550 еврога тенг) ташкил қилувчи 300 бош (аслида 310 бош) наслли эчкилар ортилган юк автотранспорт воситаси “Қорақалпоғистон” чегара-божхона постида 60 даража иссиқда гўёки 8 соат ушлаб турилган. Оқибатда эса наслли эчкиларнинг 10 боши ўлиб қолган ва бунинг натижасида тадбиркор 6000 евро миқдорида зарар кўрган.

Тадбиркорнинг даъво қилишича, юқори турувчи ташкилотлар аралашмаганида, у божхонада яна ҳам ушланиб қолиши мумкин экан.

Ушбу ҳолат бўйича текширув ўтказилиб, қуйидагилар аниқланди. 

Эчкилар ортилган юк автотранспорт воситаси “Даут ата” чегара-божхона пости орқали республикамизга 2017 йил 3 июль куни соат 13.19 да кириб келган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Чегара-божхона постида ветеринария хизмати томонидан белгиланган тартибда назорат ўтказилган ва амалга оширилган дезинфекция ишлари учун тўлов постдаги банк шахобчасига тўланган.

Сўнгра транспорт воситаси постдаги автотарозида соат 14.42 да ўлчанган. Соат 14.49 да эса божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун ҳужжатлар божхона пости ходимларига тақдим қилинган. Божхона ходимлари эса расмийлаштирувни якунлаб, барча ҳужжатларни ташувчиларга тақдим қилишганида соат 15.01 бўлган эди. (Божхона ходимлари ўз функционал вазифаларини 19 дақиқа ичида бажаришган.)

Шундай экан, тадбиркорнинг айнан божхоначилар томонидан 8 соат тўхтатиб қолиниши ҳақидаги важлари ўз тасдиғини топмади.

Бундан ташқари, ИНКОТЕРМС-2010 юкни етказиб бериш қоидаларига асосан тадбиркор Қ.Панаев мисолида имзоланган шартномада юкни “СIP – Нукус” шартларида етказиб бериш, яъни унга кўра сотувчи сотиб олувчига жониворларни Нукус шаҳригача етказиб беришни ва суғурталашни ўз зиммасига олган.

Хусусан, 2017 йил 28 февраль куни хизмат кўрсатувчи банк томонидан олиб келинадиган товар учун 210 кунга аккредитив очилган. Бугунги кунга қадар “PANAEV FARMS” фермер хўжалиги томонидан Австриядаги хорижий шериги ҳисоб рақамига пул маблағлари ўтказилмаган.

Шунингдек, агар 10 бош эчки иссиқ ҳароратда узоқ қолиб кетиш туфайли ҳақиқатдан ҳам бевосита чегара-божхона постининг ўзида ўлиб қолганида, ветеринария ходимлари томонидан пост ҳудудида тўхтатилиб, юқори турувчи “Давлат чегараси ва транспортидаги Давлат ветеринария назорати бошқармаси”га хабар берилган ва ўлиб қолган эчки жасадларини республика ичкарисига олиб кирилишига умуман йўл қўйилмаган бўларди.

Амалдаги тартибларга мувофиқ, божхонада расмийлаштирувни амалга ошириш учун тадбиркорнинг юридик манзилига энг яқин ҳудудда жойлашган “Нукус” ТИФ божхона постига йўналтирилган ва келаётган юк тирик жон бўлганлиги ва специфик хусусиятга эга бўлганлиги инобатга олиниб, Божхона кодексининг 93-моддасига асосан тадбиркор томонидан кўрсатилган Қораўзак туманидаги махсус тайёрланган манзилга тушириб берилган.

2017 йил 4 июль куни автотранспорт воситаси хайдовчи С.Вагнер, “Нукус” ТИФ божхона пости инспектори Р.Ещанов, Қораўзак тумани ветеринария бўлими ветеринар врачи Қ.Джаббаров, ветеринар врачи А.Турсинбаев, “PANAEV FARMS” фермер ҳўжалиги директори Т.К.Панаевлар иштирокида божхона кўриги ўтказилганида 310 та наслли эчкиларининг 10 таси эмас, балки 5 таси нобуд бўлганлиги аниқланиб, бу ҳақида далолатнома имзоланган.

Кўриниб турибди-ки, эчкилар чегара божхона постидан тадбиркор кўрсатган Қораўзак туманидаги махсус тайёрланган манзилгача бўлган масофани (550 км) босиб ўтиш давомида иссиқ ҳарорат оқибатлари инобатга олинмагани ва ҳайвонларни ташиш қоидаларига етарли эътибор берилмаганлиги сабаби ортидан ўлиб қолган бўлиши мумкин.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, божхона тизимида жорий қилинган замонавий ахборот технологиялари кўмагида ташувчиларга 2015 йил 1 декабрдан бошлаб, маълумотларни давлат божхона хизмати органларига электрон тарзда олдиндан хабардор қилиш имконияти яратилган. Тадбиркор Қутлимурат Панаев ҳам ушбу имкониятдан унумли фойдалангани ҳисобига божхонадаги расмийлаштирув жараёнларига қисқа вақт сарфлаган.

Шунингдек, бугунги кунда барча божхона постларида божхона органларининг ишонч телефонлари тўғрисида маълумотлар мавжуд. Тадбиркорлар ушбу ишонч телефонлари орқали ҳар бир қонунбузарлик ҳолати тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.

Хулоса сифатида Давлат божхона қўмитаси ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг божхонага доир ўйлантираётган муаммолари ва қизиқтирган саволлари юзасидан тўғридан тўғри мулоқотга ҳамиша тайёр эканлигини, шунингдек божхона қонунчилиги ва тартиб-таомилларини кенг аҳолига етказишда фаоллик кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини маълум қилади”, - дейилади раддияда.