Дубай суди томонидан ўзбекистонлик 26 ёшли йигит уч ойлик қамоқ жазосига ҳукм этилди. У амирлик аэропортида полициячига ҳужум қилган. Айбланувчи жазо муддати якунига етганидан сўнг депортация қилинади, деб хабар бермоқда Khaleej Times.

18 май куни йигит зобит ҳужжатларини сўраганида жаҳли чиқиб кетган. У полициячига қарата стулни отган ва унга бир неча бор зарба берган.

Ҳужумдан жабрланган 34 ёшли зобитнинг билдиришича, у айбланувчининг фақатгина ҳужжатларини текширмоқчи бўлган. Ўзбекистон фуқароси эса хона эшигини ёпиб қўйиб, хонага бошқа бир полициячи киргунига қадар уни дўппослаган.

Айбланувчи кўрсатмасига кўра, у Дубай Халқаро аэропортининг 1-терминалида Ўзбекистонга йўл олувчи рейсга чиқиши лозим бўлган. Эркак 10 йил давомида яшаган Мисрдан қайтаётгани айтилган.

“Мен унинг офисига кирдим, ҳамда у чипта ва шахсий ҳужжатларим ҳақида сўрай бошлади. Мен ҳаяжонда ва дарғазаб ҳолатда эдим, сабаби мени ота-онам истиқомат қилувчи Мисрдан депортация қилишди”, - деган айбланувчи.