Elle журналининг Франция президенти рафиқаси Брижит Макронга бағишланган сони охирги 10 йил ичида журналнинг энг кўп сотилган сони бўлди. Бутун дунё бўйлаб журналхонлар журналнинг ушбу сонидан ярим миллион нусха сотиб олишга улгуришди, деб маълум қилди Le Journal du Dimanche нашри.

Elle’нинг Брижит Макроннинг 10 саҳифалик интервьюси берилган ва муқовасида унинг сурати бўлган сони 18 августда сотувга чиқарилган. Журналнинг ушбу сонидан 530 минг дона сотиб олинган, интернетда Франция биринчи хонимининг интервьюсини 30 млн дан кўпроқ одам ўқиган. Ушбу интервьюда Брижит Макрон Франция президенти Эммануэль Макрон билан муҳаббати тарихи, Елисей саройидаги илк кунлари, Франция биринчи хоними сифатидаги роли ва вазифалари, унинг фаолияти билан боғлиқ харажатлар махсус хартия орқали бириктирилиши ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашган. Бу Брижит Макронга унинг исрофгарчиликка йўл қўйиши сабабли биринчи хоним мақомини беришга қарши петицияга жавоб бўлди.

Маълум қилинишича, журналнинг ушбу сони нафақат Францияда, балки бошқа давлатларда, жумладан АҚШ ва Германияда муваффақиятга эришди.