Тоҳиржон Ҳайдаровани фарғоналиклар жуда яхши танийди. У ўзининг ҳунари билан нафақат Ўзбекистон балки бутун дунёга танилган десак муболаға бўлмайди. Мустақилликнинг 26 йиллиги муносабати билан устанинг хонадонида кулоллик уй музейи ташкил этилди.

Музей мингдан ортиқ кулоллик буюмларини ўз ичига олади. Бу ерда мустақилликнинг илк кунларидан, шу вақтга қадар яратилган асарларни учратиш мумкин.

Музей экспонатлари, асосан, ўзбек урф-одатлари ва қадриятларига эга бўлган қадимий нақшлар, минатюралар, ноодатий кулоллик буюмлари, Риштоннинг халқ амалий санъати намуналари, шунингдек, такрорланмас санъат асарларини ўз ичига олади. Уй-музейнинг ташқи кўриниши чиндан-да, ҳар қандай меҳмоннинг диққатини ўзига тортади. Бу бино Риштон туманининг ташриф қоғозига айланиши шубҳасиз.

Музей билан бирга кутубхонанинг очилиши ҳам бўлиб ўтди. Мўъжаз кутубхона қишлоқ ёшларини бир сафда жамлаб, уларда китобхонлик маданияти ва мутолаага муҳаббатни оширишга хизмат қилади. Жавонларга тартиб билан терилган ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналари барча ўғил-қизларнинг бўш вақти сермазмун ўтишини таъминлайди.

Ҳунарманд ташаббуси билан ташкил этган уй-музейи ҳамда кутубхонанинг очилиш маросими чинакам байрамга айланиб кетди. Унда сўз олганлар Ўзбекистонда ёшларга эътиборнинг юксак самараси, маънавиятнинг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида тўлқинланиб гапирди. Уста кулолнинг ташаббуси ва саховати учун ёшлар ўз миннатдорчиликларини изҳор қилишди.

Аҳрор Зиё, Фарғона