Россиялик спортчи ва Сочи-2014 Олимпия мусобақаларининг жамоа таркибидаги чемпиони Юлия Липницкая ўз карьерасини тугаллаши ҳақида эълон қилди. Бу ҳақида ТАСС хабар берди. 

19 ёшли спортчи 2017 йилнинг апрелидаёқ спортдаги карьерасини тугаллаш борасида қарор қабул қилганди, аммо ўшанда қиз уч ойлик анорексияни даволаш курсларини ўтаётганди. Липницкаянинг онаси айтишича, спортчи Олимпия стипендиясига кун кечиради ва Фигурали учиш федерациясидан маош олмайди. 

Федерация президенти Александр Горшков эса, Липницкая Россиянинг фигурали учиш бўйича терма жамоасида захира таркибида эканини маълум қилган. Фигурали учиш бўйича мураббий Татьяна Тарасова ҳам бу сўзларни тасдиқлаган. 

"Мен миш-мишларга қараб иш қила олмайман, менинг вазиятим далилларга асосланишни тақозо қилади. Бу борада Юлиянинг ўзи баёнот беришини кутиш керак", - деган Россиянинг Фигурали учиш федерацияси президенти Александр Горшков. 

Юлия Липницкая Сочидаги Олимпиададан ташқари, 2013 йилги Гран-при финалида - кумуш, 2014 йилги Европа чемпионатида - олтин ва жаҳон чемпионатининг кумуш медалларини қўлга киритган. 2016 йилда спортчи тос-сон бўғимларидан жароҳат олган ва шу туфайли Россия чемпионатини ўтказиб юборган, натижада мавсумни муддатидан аввал тугаллашига тўғри келган. Липницкаянинг мураббийи қизнинг қачон спортга қайтиши мумкинлигини билмаслигини айтган. 

Кўп фигурали учиш билан шуғулланувчи қизлар соғлиғидаги муаммолар сабаб карьерасини эрта тугаллашига тўғри келган.