Қирғизистон президентлигига номзод Рита Карасартова мамлакатнинг кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш ғоясини позитив, деб ҳисоблайди. Лекин ҳуқуқ ҳимоячиси бундай йўл тутиш бир қатор салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкинлиги ҳақида фикр билдириб ўтган.

«Агар биз лотинча имлодан фойдалана бошласак, инглиз ва француз тили каби жаҳон тилларини ўрганиш осон кечиши табиий. Бироқ шундай муаммолар борки, улар туфайли Қирғизистон бундай йўл тута олмайди», — деган у Stanradar.com сайтига.

Рита Карасартова биринчи муаммо сифатида геосиёсат масаласини кўтарган.

«Ҳеч ким учун сир эмаски, бугунги кунда жаҳон даражасида таъсир доирасини кенгайтириш устида кураш бормоқда ва бизникидек кичкина давлат учун ким билан бўлишни аниқлаштириб олишга шароит яратишади. Агар биз лотин имлосига ўтадиган бўлсак, бу одамлар томонидан Евроосиё ва Россияга орқа ўгирганимиз сифатида талқин қилина бошлайди. Бошқа курсни танлаганимизни англатади. Табиийки, Россия ҳам ўз шартларини илгари сура бошлайди. АҚШ томонидан Россия Федерациясига очиқдан-очиқ қўлланилаётган усул — санкциялар жорий этишни Россия Қирғизистонга нисбатан ҳам қўллай бошлаши мумкин. Лекин улар буни билдирмаслик учун жуда сезилмайдиган тарзда амалга оширишади. Ҳамма жойда муаммолар келиб чиқа бошлайди. Кўплаб иқтисодий ричаглар бор, масалан, «Газпром»га сотиб юборилган «Қирғизгаз». Бундай муаммолар Қирғизистонга лотинчага нисбатан муносабатни ўзгартириб, кириллчада қолаверишга мажбурлайди», — деган Карасартова.

Таҳририят суҳбатдошининг сўзларига кўра, иккинчи омил — молиявий ҳолатдир.

«Мен ҳаттоки қилиниши лозим бўлган ишларнинг миқёсини тасаввур ҳам қила олмайман. Биз бутун ёзувимизни ўзгартиришимизга тўғри келади. Буларнинг барчаси катта харажатлар талаб этади. Бугунги вазиятни эътиборга олсак, бу иқтисодиётимиз учун биринчи галдаги вазифа эмас. Бу лойиҳани қўлимиздан келганча босқичма-босқич амалга оширишимиз керак. Умуман олганда, кириллчадан воз кечиш мамлакат иқтисодиётига нисбатан санкциялар пайдо бўлиши билан жазоланиши мумкин. Қозоғистон ҳам бундай қарорга келган ва улар ўта бошлашса, уларнинг тажрибасини ўрганишимиз мумкин», — деган у.

Рита Карасартованинг яна қўшимча қилишича, таълим тизимини яхшилашда кирилл алифбосидан воз кечиш 10-ўринда турибди.

«Агар бюджетимизнинг қурби етса, ўтсак бўлар эди. Менинг ўзим онаман ва ҳар йили боламга 14 та дарсликдан 10 тасини сотиб олиб бераман. Боз устига, уларнинг барчаси Россияда чоп этилган бўлиб чиқади. Менинг болаларим ҳозир улғайиб қолишган, лекин Ватаншунослик дарсида бошқа давлатнинг рамзларини ўрганаётган биринчи синф болалари-чи? Бугунлик кунда бизда дарслик ёзувчи муаллифлар жуда кам, борларининг ҳам меҳнати қадрланмаяпти. Давлат даражасида бу муаммога эътибор қаратилмаяпти. Таълим тизимида бошқа давлатнинг дарсликларидан фойдаланувчи давлатни нима дейиш мумкин. Менимча, жуда кўплаб ҳолатлар айнан қайси алифбодан фойдаланишимизга боғлиқ эмас», — дея ўз сўзларига хулоса ясаган ҳуқуқ ҳимоячиси.