Таниқли сиёсат ва маданият арбоби, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги вакили сифатида фаолиятини якунлашини маълум қилди. У бу ҳақда душанба куни баёнот берган.

39 ёшли Лола Исламовна бундан буён мамлакат сиёсий арбоби Ислом Каримов номи билан аталувчи фондни бошқаришини билдирган.

«Амалга оширилаётган бир неча лойиҳалар якунланганидан сўнг, яқин келажакда мен элчилик (ЮНEСКО назарда тутилмоқда - таҳр.) вазифасидан кетишни режалаштирмоқдаман», дея унинг сўзларини келтиради Reuters.

Лола Каримова-Тиллаева бундан кейин шахсий мақсад ва лойиҳаларга, жумладан, Ислом Каримов номидаги фонд ишларини бошқаришга, янги ижодий ва хайрия лойиҳаларни ўтказиш билан шуғулланишга кўпроқ эътибор қаратмоқчи эканини қўшимча қилган.

Лола Каримова лавозимидан бўшагач, Ўзбекистонга қайтиши эҳтимоли ҳақидаги саволни очиқ қолдирган. У машҳур тадбиркор Тимур Тиллаевга турмушга чиққан Лола Каримова-Тиллаева Франция пойтахти Парижда штаб-квартираси жойлашган ЮНEСКОда фаолият олиб борган.

Бундан аввал Лола опаси Гулнора Каримова билан яқин муносабатда эмаслигини айтиб ўтганди.